КИСТАНОВ Игорь Тимофеевич (1954.21.8, Тошкент) — балет артисти. Ўзбекистон халқ артисти (1998). Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабини тугатган (1974). 1974 й. дан Навоий номидаги опера ва балет театрида ишлайди. Цезарь («Антоний ва Клеопатра») унинг саҳнада яратган илк образидир. Рақс ҳаракатларида мазмун ва бадиий ифодага алоҳида эътибор қилиш, қўл ва тана ҳаракатларини тўғри бажаришда рақс тех-никасини эркин ва осон эгаллаш маҳорати Кистанов ижодига хос бўлиб, у спектаклларда, асосан, бош ролларни ижро этади.
Энг яхши роллари: Қоработир («Тоҳир ва Зуҳра»), Бамбур («Афсоналар водийсида»), Зигфрид («Оққуш кўли»), Виктор О’Хара («Узилган қўшиқ»), Конрад («Корсар»), Шоҳ Кир («Тўмарис»), Нурхоннинг акаси («Танавор»), Чингизхон («Муҳаббат ва қилич»), Базиль («Дон Кихот»), Мирзо («Севги тумори»), Абдураҳмон («Раймонда»), Тибальт (Ромео ва Жульетта), хон Гирей («Боқчасарой фаввораси») ва б.