КИШТУТ

КИШТУТ — Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги дарё. Тўполондарёнинг йирик чап ирмоғи. Ҳисор тизмасининг жан.-ғарбий ён бағридаги кичик мўзликдан бошланади. Ўз. 50 км, ҳавзасининг майд. 719 км2. К. ён бағирлари баланд ва тик, айрим жойларда тор водийда, нишаби катта ўзанда оқади. Этак қисмида водийси кенгроқ, ён бағирлари ҳам анча паст ва ётиқ. Киштут ҳавзасида ёғин кўп ёғади, кичик музликлар ҳам бор. Ўртача йиллик сув сарфи 18 м3/сек. Қор ва мўзликлардан ҳамда ёмғир сувларидан тўйинади. Суви фев. охиридан кўпая бошлайди, май — июнда энг кўп бўлади, июлдан янв. охиригача камая боради. Киштут суви Тўпо-лондарёга қўшилиб Сурхон водийсидаги ерларни суғоришга сарфланади.