КИСАКЎРАК

КИСАКЎРАК, Нажип Фозил (1905 – 1983.25.5, Истанбул) — турк шоири, ёзувчи, драматург. Илк шеърий китоби — «Ўргимчак тўри» (1925). «Мен ва у» (1932) асари машҳур. «Кўприклар» (1928), «Сўнгсизлик карвони» (1955), «Шеърларим» (1969) ва б. шеърий тўпламларида инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жисм ва руҳ мутаносиблиги, сирли ботиний туйғулар жозибаси акс эттирилган. Кисакўрак 1934 й. нақшбандийлик тариқати шайхларидан Абдулҳаким Орвасий б-н танишган. Шу боис унинг шеъриятида мумтоз шеърият унсурларини француз модерн шеърияти ўлчовлари б-н уйғунлаштиришга интилиш бор. К. «Руҳият олами ҳикоялари» (1965) тўплами, «Ойнадаги ёлғон» (1970), «Асосий ҳужжат» (1983) романлари, «Тухум» (1935), «Бир одам яратмоқ» (1937), «Пул» (1942), «Юнус Эмре» (1969) пьесалари муаллифи. Туркия адабиёти Вақфи томонидан Кисакўракга «Шоирлар султони» унвони берилган (1980).