КИРОВ

КИРОВ (1781 й. гача Хлинов, 1934 й. гача Вятка) — РФдаги шаҳар, Киров вилояти маркази, Вятка дарёсидаги порт. Т. й. тугуни. Аҳолиси 499,2 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Машинасозлик ва металл ҳамда ёғочга ишлов бериш машиналари и. ч. (станоксозлик, приборсозлик, электротехника ва радиоэлектроника саноати ва б.), микробиология, ёғочсозлик, енгил, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати корхоналари, гугурт ф-каси бор. Кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилади. Лойдан ўйинчоқлар и. ч. йўлга қўйилган. 3 олий ўқув юрти, 3 театр, Бадиий, ўлкашунослик музейлари, Вятка бадиий қунармандчилик музейи, А. С. Грин, М. Е. Салтиков-Шчедрин музейлари фаолият кўрсатади. Шаҳар 1374 й. дан маълум. Тарихий, меъморий ёдгорликларидан Трифон монастирининг Успение собори (17 а.), классицизм стилидаги турар жойлар (18—19-а. лар) сақланган. СМ. Киров номи билан аталган.