КИПР

КИПР (грекча Kypros, туркча Kibris) , Кипр Республикаси (грекча — Kypriaki Dimokratia, туркча — Kibris Gumhuriyeti) — Ғарбий Осиёда, Ўрта денгизнинг шарқий қисмидаги Кипр о. да жойлашган давлат. Майд. 9251 км2. Аҳолиси 762,8 минг киши (2001). Пойтахти — Никосия ш. Маъмурий жиҳатдан 6 округ (district) ra бўлинади.

Давлат тўзуми. Кипр — республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстликка киради. Амалдаги конституцияси 1960 й. да қабул қилинган ва кейинчалик тўзатиш хамда қўшимчалар киритилган. Давлат бошлиғи президент (1993 й. дан Глафкос Клиридис). Президент кипрлик грек жамоаси, вице-президент кипрлик турк жамоаси томонидан тўғри сайлов йўли билан 5 й. га сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият Вакиллар палатаси (грек ва турк жамоалари вакилларидан иборат бир палатали парламент). Ижроия ҳокимиятни президент ва вице-президент бошкаради ҳамда ҳукумат (Вазирлар Кенгаши)ни тайинлайди. Президент ҳукуматга бошчилик қилади.

Табиати. Қир ва тоғ кўп, шарқи пасттекислик. Шим. қиргоклари тик ва серқоя. Шим. соҳили бўйлаб Кирения (1023 м гача) ва Карпас тизмалари (364 м гача) жойлашган. Кипр ҳудудининг марказий ва жан. қисмида Троодос тоғ массиви бор (энг баланд жойи 1951 м). Шим. ва жан. даги тизмаларни кенг Месаория текислиги (бал. 200 м гача) ажратиб туради. Қазилма бойликлардан хромит, темир ва мис рудалари, асбест ва б. бор. Иқлими субтропик Ўрта денгиз иқлими. Ёзи иссиқ (25—35°), қиши юмшоқ (10—15°), серёғин. Йиллик ёғин текисликда 300— 500 мм, тоғларда 1000—1300 мм. Тоғ этаклари ва текисликларда доим яшил бутазорлар, Кирения ва Карпас тизмаларининг оҳактошли жан. ён бағирларида дашт ўсимликлари ўсади. Кипр ҳудудининг 18% ўрмон: дуб, сарв, ҳалаб қарағайи, тоғ водийларида юлғун, самбит ўсади. Илон, тўнғиз, калтакесак, буқаламун, калхат, бургут ва б. бор.

Аҳолисининг 78% кипрлик греклар, 18% кипрлик турклар. Инглизлар, араблар, арманлар, итальянлар ҳам яшайди. Грек ва турк тиллари — расмий. Греклар православ, турклар ислом динига эътиқод қилади. Шаҳар аҳолиси 68%.

Тарихи. Кипр ҳудудида одам неолит давридан яшайди. Мил. ав. 15—11-а. ларда Кипрни ахейлар, 9-а. да финикийлар, 8-а. охирида оссурийлар, 6-а. да ахоманийлар босиб олди, 333—323 й. ларда македониялик Александр, 294—58 й. ларда Птолемейлар давлати, 58 й. дан Рим империяси қўл остида бўлди. Рим империяси қулагач (мил. 395 й.), К. Византия таркибига ўтди. 648 й. оролни араблар, 1191 й. салибчилар эғаллади. 1489—1571 й. ларда Венеция, 1571 й. дан Усмонли турк давлатига карам бўлди.

19-а. да кипрлик грекларнинг Кипрни Грецияга қўшиш ҳаракати пайдо бўлди. 1878 й. К. ни Буюк Британия босиб олди. 1925 й. К. Англия мустамлакаси мақомини олди. 1931 й. инглиз ҳукмронлигига қарши стихияли қўзғолон бошланди, лекин уни мустамлакачилар шафқатсизлик б-н бостирди. 2-жаҳон уруши йиллари (1939—45) 20 мингдан ортиқ кипрлик инглиз қўшинлари сафида Германияга қарши урушда қатнашди. Урушдан кейин Кипрда миллий озодлик ҳаракати авж олгач, Буюк Британия ён беришга мажбур бўлди. 1960 й. 16 авг. да Кипр мустақил республика деб эълон қилинди. Макариос III президент, Ф. Кичик вице-президент этиб сайланди.

Кипр даги грек ва турк жамоалари ўртасидаги келишувга кўра, мамлакат президента кипрлик греклардан ва вице-президенти кипрлик турклардан сайланар эди. Бироқ 1963 й. да кипрлик греклар билан кипрлик турклар ўртасидаги муносабат кескинлашиб, натижада иккала жамоанинг биргаликдаги фаолияти тўхтади. 1965 й. да грек жамоа палатаси бекор қилинди. 1967 й. дек. да кипрлик турклар «Муваққат турк маъмурияти»ни тўздилар. 1983 й. да «Шим. Кипр турк республикаси» эълон қилинди, аммо Шим. Кипр турк республикаси К. Республикаси ҳукумати томонидан тан олинмаган. 1964 й. мартдан буён бу ерда БМТ қўшинлари турибди. Халқаро ҳамжамият воситачилигида Кипр муаммосини бартараф этиш юзасидан жамоалар ўртасида мўзоқаралар ўтказиляпти. Кипр 1960 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 2001 й. да ўрнатган. Миллий байрами — 1 окт. — Мустақиллик куни (1960).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Демократик партия (шу номдаги греклар партияси 1976 й. да, турклар партияси 1992 й. да тузилган); Демократик йиғин, 1976 й. да асос солинган; Социал-демократлар ҳаракати, 2000 й. да Ягона марказ демократик иттифоқи асосида тузилган; Либерал партия, 1986 й. да барпо этилган; Бирлашган демократлар, 1996 й. да тузилган; Миллий бирлик партияси, 1975 й. да турк жамоаси асос солган; Ижтимоий озодлик партияси, 1976 й. да турк жамоаси тўзган; К. меҳнаткаш халқ илғор партияси (АКЕЛ), 1926 й. дан 1941 й. гача фаолият кўрсатган Кипр коммунистик партиясининг вориси сифатида 1941 й. да тузилган; Республикачи турк партияси, 1970 й. да асос солинган. Касаба уюшма бирлашмалари: Умумкипр меҳнат федерацияси, 1946 й. да тузилган; К. меҳнаткашлар конфедерацияси, 1944 й. да тузилган; К. турк касаба уюшма федерацияси (Турксен), 1954 й. да асос солинган; К. инқилобий касаба уюшмалари федерацияси (Девиш), 1976 й. да тузилган.

Хўжалиги. Кипр — аграр-индустриал мамлакат. Иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг салмоғи катта. Ялпи ички маҳсулотда бу соҳанинг улуши 47%, қ. х. улуши 8%, саноатнинг улуши 20%. Мамлакат майдонининг 65% ишланади, шундан 12% суғорилади. Асосий экинлари — буғдой, арпа, сули, картошка, дуккакли ва полиз экинлари. Ўзум, бодом, ёнғоқ, цитрус, зайтун, пахта, тамаки, сабзавот ҳам етиштирилади. Тоғларда қўй, эчки, чўчқа, қорамол боқилади. Пиллачилик ривожланган, соҳилларда балиқ, сув жониворлари овланади. Маҳаллий маъдан заҳиралари асосида кончилик саноати мавжуд. Асосан, экспорт учун мис, темир, хром рудалари, мармар, асбест, гипс қазиб олинади. Ишлаб чиқарувчи саноат кичик-кичик тўқимачилик, тикувчилик, кўн-пойабзал, виночилик, ёғ, тамаки, консерва ва б. корхоналардан иборат. Цемент ишлаб чиқарилади. Ларнака ш. да четдан келтирилган нефть асосида ишловчи нефть маҳсулотлари з-ди бор. 1 й. да ўртача 2,1 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Ҳунармандчилик (темирчилик, кулолчилик) ривожланган.

Чет эл сайёҳлиги тез суръатда ривожланиб, хорижий валюта тушумининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Кипрда ишлаб турган 17 мингдан кўпроқ оффшор компания йилига ўртача 200 млн. доллар даромад келтиради. Асосий транспорт тури — автомобиль. Автомобиль йўллари ўз. — 10,2 минг км дан ортиқ, шундан 4,2 минг км га яқини асфальтланган. Денгиз флоти ривожланган. Асосий денгиз портлари — Фамагуста, Лимасол. Халқаро аэропортлари — Никосия, Ларнакада. Четга, асосан, маъданли хом ашё, цитрус мевалар, ўзум маҳсулотлари, картошка, тайёр кийим ва б. чиқаради, четдан машина ва асбобускуна, озиқ-овқат, кимёвий моддалар, нефть маҳсулотлари олади. Савдо-сотикдаги мижозлари: Европа Иттифоқи давлатлари ва араб мамлакатлари. Пул бирлиги — кипр фунти.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Мамлакатда грекча ва туркча таълим тизимлари мавжуд. Грекча тизим: 6—14 ёшдаги болалар учун таълим мажбурий, бепул. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 6 й., ўрта мактабда ҳам 6 й. Олий таълим чет элда, асосан, Грецияда олинади. Бир қанча ўқув юртлари — пед. академияси, техника ин-ти, ўрмон-техника инти ва б. тўлиқ олий маълумот бермайди. Туркча тизим: 6—15 ёшдаги болалар учун таълим мажбурий, бепул, бошланғич мактабда ўқиш муддати 6 й., ўрта мактабда ҳам 6 й. Пед. коллежи бор. Никосияда Кипр илмий тадқиқот маркази (1967 й. дан), К. ни ўрганиш жамияти (1936 й. дан), К. геогр. жамияти (1968 й. дан) ва б. ишлайди. Никосияда Фанеромени оммавий кутубхонаси, маориф вазирлигининг кутубхонаси, Фамагуста ш. да оммавий кутубхона, шунингдек, Кипр музейи, Тарих музейи, Халқ санъати ва лапидарий музейи, Ларнака, Лимасол, Фамагуста ш. ларида музейлар бор. Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Кипрда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Йириклари: «Агон» («Кўраш», гректилидаги кундалик газ., 1964 й. дан), «Алития» («Ҳақиқат», грек тилидаги кундалик газ., 1951 й. дан), «Бирлик» (турк тилидаги кундалик газ., 1980 й. дан), «Филелефтерос» («Либерал», грек тилидаги кундалик газ., 1956 й. дан), «Халқин сеси» («Халқ овози», турк тилидаги кундалик газ., 1941 й. дан), «Харавги» («Тонг», грек тилидаги кундалик газ., 1956 й. дан), «Неос димократис» («Янги демократ», грек тилидаги жур.). К. ахборот агентлиги 1976 й. да ташкил этилган. Кипр радиоэшиттириш корпорацияси ҳукумат радио ва телевидение тижорат хизмати бўлиб, 1953 й. ташкил этилган. Радиоэшиттириш 1953 й. дан, телекўрсатув 1957 й. дан олиб борилади. Адабиёти грек ва турк тилларида.

Грек тилидаги Кипр адабиёти грек адабиёти билан ўзвий боғлиқ ҳолда тараққий этган. Стасиннинг «Кипр достонлари» (мил. ав. 6-минг йиллик), Афродитани шарафловчи «Гомер мадҳиялари» К. адабиётининг илк намуналаридир. 8—10-а. ларда шаклланган Кипр шевасидаги «Дигенис Акрит» эпоси (12—13-а. лар), «Ишқий лирика» (14 — 15-а. лар) ва б. фольклор асарлари ёзиб олинган. Ёзма адабиёт 19а. охири — 20-а. бошларидан ривожлана бошлади. В. Михаилидис шеърларида халқнинг инглиз мустамлакачиларига қарши кўраши акс этди. 20-а. бошларида ёзувчилар Н. ва М. Николадислар, шоирлардан Т. Пиеридис, Т. Антиас ва б. нинг асарларида ўткир ижтимоий муаммолар акс этди. 1960 й. да мустақилликка эришилгач, Кипр ёзувчилари ёш давлатнинг энг долзарб муаммоларини ёритди. 1968 й. дан кейин ёзувчи Й. Филиппу-Пиеридис ва шоир А. Пилиотис адабиётда етакчи роль ўйнади. П. Льясидис Кипр шевасида халқ шеърияти анъаналарини давом эттирди.

Турк тилидаги Кипр адабиётида, асосан, шеърият ривожланди. Кензи ва Сукути Исмоил оға, Ҳасан Хилми Афанди, Мюфтю Рожи ва б. 19-а. нинг таниқли шоирларидир. Нозиф Сулаймон Эбе ўғли, Уркие Мине, Маҳмуд Левент ва б. тараққийпарвар ёзувчилар ҳисобланади. Драматургия Ф. Коркут, Ю. Улутуг ва б. ижодида ривожланди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Кипрни мўзей орол деб атайдилар. Ҳоз. Кипр ҳудудида илк неолит (Хирокития манзилгоҳидаги доирасимон турар жойлар) ва жез (турли расмлар солинган сопол идишлар, тош бутлар, жез буюмлар ва ҳ. к.) даврларига оид ёдгорликлар топилган. Мил. ав. 3-минг йилликнинг 2-ярмидан идишларни одам, ҳайвон, ўсимликлар сурати ва б. билан безашда оқ, қизил, қора ранглардан фойдаланила бошланди. Сўнгги жез давридан (мил. ав. 1400-1050 й.) шаҳарларнинг қолдиқлари, гўзал расмлар солинган кенг оғизли кўзалар, заргарлик буюмлари, фил суягига ишланган бўртма нақшлар ва б. сақланган. Мил. ав. 4-а. — мил. 4-а. ларда меъморлик ва тасвирий санъат мумтоз юнон ва эллин санъати, кейинчалик Рим санъати таъсирида ривожланди. Қушлар, нилуфар гули тасвирланган идишлар шу даврга мансуб. 13—15-а. черковлари готика услубида қурилди. 1960-й. лардан меъморлик, рассомлик, графика тез ривожлана бошлади. Халқ санъатида ёғоч ўймакорлиги, кулоллик, кандакорлик (кумушдан зарб қилиш), тўр тўқиш ва каштачилик ривожланган.

Мусиқаси қад. Византия империяси чегараларини ҳимоя қилган жангчилар ҳақидаги қўшиқлар, француз, турк ва инглиз ҳукмронлиги даврида пайдо бўлган, озодликни мадҳ этувчи лирик қўшиклар ҳанузгача сақланган. Кипрда грек ва турк қўшиқлари, чолғу асбоблари кенг тарқалган.

20-а. бошларида профессионал мусиқа маданияти пайдо бўла бошлади. Соломон ва Янгос Михаилидислар Кипрда дастлабки ва машҳур композиторлардир. С. Михаилидис Лимасолда консерваторияга (1934), К. да биринчи сим-фоник оркестрга (1938) ва Никосияда концерт жамиятига асос солди. У сим-фоник, камер асарлар яратди. Я. Михаилидис кўплаб оммавий қўшиқлар, симфоник асарлар ва б. яратган. Замонавий композиторлардан А. Лимбуридис, Г. Коцонис, С. Виоларис, К. Костеасларни кўрсатиш мумкин.

Кипрда 4 консерватория, бир қанча шаҳарларда мусиқа билим юртлари, ҳаваскор хор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари бор.