КИНОЛОГИЯ (юн. kyon — ит ва …логия) — итлар тўғрисидаги фан. К. итчиликнинг илмий асосини ташкил этади. Кинология итларнинг эволюцияси, зотлари, анатомияси, физиологияси, шу жумладан, олий нерв системаси, хаттиҳаракатлари, селекцияси, уларни урчитиш, озиқлантириш, сақлаш, ўргатиш ва ов, крровул, қидирув, божхона, чегара ва б. хизматларда фойдаланиш масалаларини ўрганади. Фан сифатида 19-а. нинг 2-ярмида вужудга келган.
Кўпгина Европа мамлакатларида ва АҚШда Кинология ташкилотлари иш олиб боради. Ўзбекистонда Кинология масалаларини илмий ўрганиш рус офицерлар овчилик жамиятлари ва итчилик клублари ташкил этилган 20-а. бошларига тўғри келади. 1927 й. да Ўзбекистон ов итлари шажара дафтари жорий қилинган. ДОСААФ Ўзбекистон бўлими ҳўзурида 1937 й. дан Кинология кенгаши фаолият кўрсатди. 1992 й. май ойида Ўзбекистон Кинология федерацияси ташкил этилди. Ўзбекистонда республика давлат божхона қўмитасининг миллий Кинология маркази, Миллий хавфсизлик хизматининг наслчилик питомниги ва Тошкент ш. Ички ишлар бош бошкармасининг наслчилик питомнигида Кинология назарий масалалари ўрганилади, итчиликка оид наслчилик ишлари, итларни амалий мақсадларда фойдаланишга тайёрлаш, янги ит зотларини етиштириш, уларни синовдан ўтказиш, шажара ва наслчилик дафтарларини юритиш ишлари олиб борилади. Кинология кўпгина мамлакатларда зоотехния ҳамда ветеринария олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг дастурларига киритилган (яна қ. Итчилик).