КИНОДРАМАТУРГИЯ

КИНОДРАМАТУРГИЯ (кино… ва драматургия) — адабиётнинг экранда кўрсатиш учун мўлжалланган алоҳида тури. Кинодраматургия асари — киносценарий фильмнинг адабий ва ғоявий-бадиий асосини ташкил этади. Кинодраматурглар бадиий проза ва драмадан фойдаланилган ҳолда ҳаёт воқеаларини тасвирлашда кино имкониятларини ҳисобга олиб, асарни экранга мослаштириб ёзадилар. Кинодраматургия, ўз хусусиятига кўра, адабий ҳамда кинематографик шаклга эга: мустақил бадиий қийматга эга, кинематографик асар сифатида яратилажак фильмнинг мазмунини ва қурилишини ифода этади. Кинодраматургиянинг шаклланиш даври мураккаб жараён бўлиб, у асар ёзищдан бошланиб, монтаж столида тугайди. Овозли кино юзага келгач, инсон характерини очиб беришдаги асосий воситалардан — диалог муҳим роль ўйнади. Кино санъати имкониятларининг кенгайиши Кинодраматургиядан ҳаётни янада чуқурроқ ўрганишни, уни янада мураккаб ва рангбаранг тасвирлашни тақозо этади. Кино тараққиётининг бошланғич босқичида Кинодраматургия жанрлари (саргузашт, комедия, мелодрама ва б.) маълум даражада чегараланган бўлиб, замонавий мавзу кам ёритилган. Ҳозир эса Кинодраматургия асарлари хоҳлаган жанрда ёзилиб, кўплаб фильмлар яратилмокда.

Ўзбек Кинодраматургияси проза кўламини, драма ўткирлигини, поэзия жозибасини, тасвирий санъат ёрқинлигини, мусиқа равонлигини ўзида мужассамлаштирди. Ҳоз. кунда тарих, тарихий шахслар ҳаёти, миллий қадриятлар акс этган ёки ёш авлодда Ватанига, халқига, ота-онасига меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотадиган Кинодраматургия долзарб мавзу бўлиб, шу асосда фильмлар ишланмоқца («Буюк Амир Темур», «Паримома» ва б.). С. Абдулла, И. Султон, А. Крдирий, М. Шайхзода, Ойбек, С. Аҳмад, У. Назаров, Ф. Мусажонов, О. Агишев каби ёзувчиларнинг асарлари ўзбек киносининг ривожида салмоқли ўрин тутади.