КИНОЧИЛАР УЙИ — кино санъати арбобларининг ижодий уйи. Театр ва кино ходимлари уйи базасида 1966 й. очилган. Янги биноси (меъморлари Р. А. Хайрутдинов, В. Н. Бреусенко; бинони безашда рассом В. Ган, ҳайкалтарош Р. Авакян катнашган) 1982 й. Тошкентда очилган кинофестиваль арафасида ишга туширилган. Бош томоша зали (900 ўринли), 230 ва 50 ўринли яна 2 кичик томоша зали бор. Бино меъморлигида қуёш нуридан асрайдиган конструкциялар ва миллий меъморий элементлардан фойдаланилган; бўлар бино лойиҳаси ва шакли, ўрнида ўз аксини топган. Бош зал эллипс шаклда, 4 устунга таянган, чапдан маъмурий бино, ўнгдан клуб билан туташ. Лойиҳалашда ташқи кўриниши билан ички кўриниши ўзаро боғланган. Умумий ечими бинога мутаносиб бўлган ресторан (зали — 100 ўринли) ҳовли орқали бош томоша залига туташган. Бино миллий меъморий қисмлар, кичик меъморий шакллар ва фавворалар билан жозибалаштирилган. Безагида Ғозғон мармари, гранит, ганч ўймакорлигидан фойдаланилган. Интерьеридаги Б. Жалолов ишлаган деворий расмларда ўзбек кино санъати ривожи акс эттирилган. Киночилар уйида янги фильмлар кўриги, юбилейлар, томошабинлар билан ижодий учрашувлар ва б. ўтказиб турилади. Киночилар уйи «Ўзбеккино» давлат акционерлик компаниясига қарайди.