КИНО САНОАТИ — фильмдан нусха кўпайтириш, киновидеокассеталар, кино ишлаш учун асбоб-ускуналар, жиҳозлар ишлаб чиқарувчи, кинотехника саноати билан шуғулланувчи соҳа. Бошқа саноат тармоқларидан фарқли ўлароқ Кино саноатининг пировард маҳсули кино ва видеофильмдир. Ўзбекистонда киновидеофильмлар ишлаб чиқариш билан «Ўзбекфильм» ва Ўзбекистон ҳужжатли ва илмий-оммавий фильмлар киностудияси (СДФ), Республика «Видеомарказ» ишлаб чиқариш ижодий бирлашмаси, «Достонфильм», «Ватан», «Инсон», «Имон», «Шод» студиялари, Экспериментал ёшлар ижодий бирлашмаси, «5-студия», «Ўзбектелефильм» студияси ва б. ҳар хил эгалик шаклида фаолият кўрсатаётган студиялар шуғулланади. Ўзбекистон Кино саноати таркибий қисмига «Ишонч-М» («Ўзбеккинодеталь» заводи) очиқ турдаги акционерлик жамияти, «Ўзбеккинотаъминот» фирмаси, кинотеатрлар, жойлардаги таъмирлаш-ишлаб чиқариш корхоналари, «Ўзбеккиновидеоижара» корхонаси ва унинг жойлардаги бўлимлари киради. Бошқа саноат корхоналари каби улар ҳам и. ч. учун керак бўлган барча воситаларга эга: бино, турли қурилиш иншоотлари, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, транспорт воситалари, энергетик ресурслар, айланма маблағлар (хом ашё, материаллар, пул) ва б.
Анвар Ёқубхўжаев.