КИНО МУСИҚАСИ

КИНО МУСИҚАСИ — кино санъати билан боғлиқ мусиқа жанри, кино асарининг муҳим ифодавий воситаларидан бири. Дастлаб умумий мусиқали жўрликни ташкил этиб, кинофильм намойиш қилиш асбобларининг шовқинини босиш учун мўлжалланган. Бора-бора кино ишлашнинг муҳим соҳасига айланди. Кино мусиқаси тарихи «овозсиз кино» (1930 – й. ларнинг 2-ярмигача) ҳамда «овозли кино» билан боғлиқ 2 асосий босқични ўз ичига олади. Биринчисида Кино мусиқаси, асосан, ижрочилар (якка созанда-пианиночи ёки ансамбль) томонидан танланган ёки бадиҳа тарзида ижод қилинган мусиқа парчаларидан иборат бўлган. «Овозли кино»да, одатда, ҳар бир фильм учун махсус мусиқа ёзилади, баъзан мавжуд мусиқа асарларидан ҳам фойдаланилади (мас, ҳужжатли, илмий-оммабоп, фильмконцерт ва б. фильмларда). Кино мусиқаси кинофильм мазмуни билан узвий боғлиқ ҳолда, қаҳрамонларнинг руҳий кечинмаларини, драматик ҳолатлар, зиддиятлар ва б. ни бадиий ифодалашга ёрдам беради. Чет эл композиторларидан М. Найман (Англия), Н. Рота, Э. Морриконе (Италия), Ф. Лей, М. Легран, В. Косма (Франция), А. Бисвас, Ш. Чоудхури (Ҳиндистон), Г. Канчели (Грузия), Е. Дога (Молдавия), И. Дунаевский, Д. Шостакович, С. Прокофьев, В. Артемьев (Россия), Ф. Бахор (Тожикистон), Н. Мухатов (Туркманистон), М. Скорик (Украина) ва б. ижодида киномусиқанинг ёркин намуналари вужудга кедди.

Ўзбекистонда кино учун махсус мусиқа ёзиш 1920 – й. лардан бошланган. Дастлабки ўзбек фильмларига мусиқа ёзишда В. Успенский («Равот кащкирлари», 1927) ва А. Козловский («Тоҳир ва Зуҳра», 1945)лар ўзбек халқ куй ва қўшиқларидан ҳамда ўзбек бастакорлари ижодидан унлаб иқтибосларга таянишган. Кейинги кўпгина ўзбек фильмларида мусиқадан драматизмни кучайтириш воситаси сифатида фойдаланилди: «Абу Али ибн Сино» (композитор М. Бурҳонов, 1957), «Фурқат» (С. Юдаков, 1959), «Ҳамза», «Сен етим эмассан» ( И. Акбаров, 1961, 1963) ва б. Қўшиқ муҳим роль ўйнаган дастлабки ўзбек кинокомедиялари 50-й. ларнинг охири, 60-й. ларнинг бошларида юзага келган: «Мафтунингман» (Ик. Акбаров, М. Бурҳонов, М. Левиев, 1958), «Маҳаллада дув-дув гaп» (M. Левиев, 1960) ва б. 1960—70й. ларда ўзбек фильмлари учун мусиқа яратувчилар доираси сезиларли даражада кенгайди: С. Жалил («Зулматни тарк этиб», 1973), А. Малахов («Тошкент — нон шаҳри», 1967), Ф. Янов-Яновский («Қўғирчоқбоз», 1970; «Майин ёмғир ёғади» мультфильми, 1984 ва б.). Айниқса, Р. Вильданов ижоди эътиборга молик, 100 дан ортиқ фильмга мусиқа ёзди: «Инсон қушлар ортидан боради», 1975 (Деҳли кинофестивалида энг яхши мусиқа учун совринини олган); «Триптих» (Сан-Ремо кинофестивалида Гран-при совринини олган); «Армон», 1987 ва б. 1980—90 – й. ларда В. Милов («Алибобо ва қирқ қароқчи», 1980 ва б.), М. Маҳмудов [«Келинлар қўзғолони», 1985; «Абдуллажон», 1994; «Чимилдиқ», 1998; Бухоро кинофестивали (1999)да энг яхши мусиқа учун соврин олган ва б. ], Э. Солиҳов («Алпомиш», 1999 ва б.), А. Эргашев («Шариф ва Маъриф», 1992; «Юлдузимни бер, осмон», 1995 ва б.) ва б. ижоди эътиборга моликдир. 1990-й. ларга келиб ёш композиторлар ҳам Кино мусиқаси соҳасида ижод қила бошлади ва замонавий воситалар асосида Кино мусиқасининг янги услубларини яратишга муваффақ бўлдилар: Э. Пак («Синдбаднинг саргузаштлари» мультфильми, 1993 ва б.), Д. Яновский [«Улуғ Амир Темур», 1996; «Воиз», 1998, Анапа кинофестивали (1999)да Гранпри совринини олган; «Феллини», 1999, Калькутта кинофестивали (2000)да энг яхши фильм сифатида белгиланган ва б. ], Н. Ғиёсов («Баҳодир Жалолов», 1991), А. ким («Шайтанат», 1999-2000) ва б. Яна қ. Мусиқали фильм.

Ад.: Янов-Яновская Н., Музыка ўзбекского кино, Т., 1967.

Наталья Янов-Яновская.