КИНО ДЕКОРАЦИЯСИ САНЪАТИ

КИНО ДЕКОРАЦИЯСИ САНЪАТИ — фильм воқеаларини суратга олиш учун сценарий асосида павильон ёки табиий шароитда яратилган моддий муҳит (жой, жиҳозлар). Фильмнинг турли эпизодларида деқорация турлича аҳамиятга эга: айрим ҳолларда томошабинга сезилмайдиган замин (фон) бўлса, баъзан воқеаларни юзага келтириб чиқарувчи образли муҳит вазифасини ўтайди. Кино декорацияси санъати фильм рассомининг фильм оператори ва реж. билан маслаҳатлашиб яратган эскизлари асосида тайёрланади. Деқорация фильм орқали ҳикоя қилинаётган тарихий воқеалар, ўша жойдаги муҳит ва шароитни томошабин кўз ўнгида гавдалантиришга, реж. ва кинодраматург илгари сурган ғояни томошабинга етказишга хизмат қилади.

Дастлабки Кино декорацияси санъати матоға чизилган. 20-а. нинг 10-й. ларидан ҳажмли қилиб ишлана бошлаган, актёр ўйнайдиган жой (олд қисми) табиий ҳажмда ишланиб, йиғма (муваққат) ва доимий фойдаланиладиган павильонлар қурилиб, фильм ўзгармас бир нуқтадан тасвирга олинган, деқорациянинг олд қисми билан олис манзара (перспектива)си уйгунлаштирилган. Техниканинг такомиллашуви, оддий ва кўп камерали тасвирга олиш комплекс деқорация яратишни юзага келтирди: бунда декорацияни режалаш муҳим аҳамиятга эга, чунки бир вақтнинг ўзида бир неча объектларни тасвирга олишга тўғри келади. Бу эса рассомдан ўта катта топқирликни талаб қилади.

Ўзбек Кино декорацияси санъатининг ривожида Б. Чел-ли, В. Еремян, В. Синиченко, Э. Калонтаров, С. Зиёмуҳамедов, Н. Раҳимбоев, Б. Назаров, С. Алибеков ва б. рассомларнинг хизмати катта.