КИНГСТОН

КИНГСТОН — Ямайканинг пойтахти. Ямайка о. нинг жан.-шарқида, Кариб денгизи соҳилида. К. Сент-Андру билан алоҳида маъмурий бирликни ташкил қилади. Иқлими тропик, сернам; янв. нинг ўртача т-раси 24,3°, июлники 27,6°. Йиллик ёғин 700 мм. Кучли зилзилалар бўлиб туради. Аҳолиси 600 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари).

Кингстон 1693 й. да инглизлар томонидан бунёд этилган, кейинроқ шаҳар қул савдосининг Вест-Индиядаги энг катта маркази бўлган. 1872 й. дан Ямайканинг маъмурий маркази. Шаҳар 1907 й. ги зилзиладан деярли бутунлай вайрон бўлган. 1962 й. да Кингстонда Ямайка мустақиллиги эълон қилинган.

Кингстон — мамлакатнинг савдо-саноат ва маданият маркази. Транспорт йўлларининг йирик тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Кариб денгизи соқилидаги йирик порт. Мамлакат импорт молларининг деярли ҳаммаси, экспорти (шакарқанд, ром, пахта, кофе, банан)нинг кўп қисми Кингстон порти орқали ўтади. Саноати озиқ-овқат, тўқимачилик, кўн пойабзал, ёғочсозлик, металлсозлик корхоналари, нефтни қайта ишлаш, цемент з-дларидан иборат. Кингстонда Вест-Индия ун-тининг факультетлари, ин-тлар, Ямайкани ўрганиш инти (кутубхона, музей ва санъат кўргазмасидан иборат), санъат, табиий фанлар ва технология коллежи, театр ва б. бор. Меъморий ёдгорликларидан Рокфорт қалъаси (17—19-а. лар), Сан-Томас собори (17-а., 1907 й. да қайта қурилган) сақланган. Кингстонда ҳукумат, чет эл компания ва банклари идоралари жойлашган.