КИНДИЙ

КИНДИЙ, Абу Юсуф Ёқуб ибн Исҳоқ (тахм. 800, Басра — тахм. 870, Бағдод) — араб файласуфи. Шарқ аристотелизми асосчиларидан. Муътазилийлар билан яқин алоқада бўлган. Халифа Мутаваккил (847—861)нинг рационалистлар билан кураши вақтида кувғинга учраган. Юнон мутафаккирларининг рисолаларини араб тилига таржима қилган, Аристотелнинг «Категориялар», «Иккинчи аналитика», Евклиднинг «Унсурлар» ва Птолемейнинг «Альмагест» асарларига шарҳлар ёзган. Киндий фикрича, оламнинг яратувчиси Аллоҳ, у абадий мавжуд, ягона. Таби-атдаги нарсалар ўзаро сабабий боғланган, улар 4 унсур — олов, сув, ҳаво ва тупрокдан иборат. Киндий 5 та субстанция — фазо, вақт, материя, шакл ва ҳаракатнинг мавжудлиги ҳақида, дунёни билиш мумкинлиги хақида фикр юритди. Киндий асарларининг аксарияти бизгача етиб келмаган, фақат 29 рисоласи топилган, уларнинг кўпчилиги риёзиёт, мантиқ, фалсафа ва б. фанларга бағишланган. Киндийнинг фалсафий қарашлари кейинги даврларда Шарқ мутафаккирлари дунёқарашига, ўрта аср Европа фалсафаси ривожига самарали таъсир кўрсатди. Муҳим асарлари: «Ақл ҳақида», «Жон ҳақида мулоҳаза», «Ашъёларнинг таърифи ва баёни», «Бешта субстанция ҳақида китоб» ва б.

Ад.: Жонматова X. А., Ал-Киндий (ҳаёти ва ижоди), Т., 1967.