КИМЁВИЙ ТЕХНОЛОГИЯ — таби ий хом ашё, саноат чиқиндилари, шунингдек, синтетик ярим маҳсулотларни кимёвий йўл билан қайта ишлаб, истеъмол маҳсулотлари ва и. ч. воситаларига айлантиришнинг иқтисодий ва экологик жиҳатдан қулай усуллари ва жараёнлари ҳақидаги фан. И. ч. усуллари ва жараёнларининг физик-кимёвий шароитларини текшириш, технологик жараёнларнинг схемаларини ишлаб чиқиш, асбоб ва ускуналарнинг тузилиши ва уларни тайёрлаш учун зарур материалларни аниқлаш Кимёвий технологиянинг вазифасидир. Ҳар қандай Кимёвий технология жараёнининг асосий элементлари — хом ашё, энергия, асбоб ва ускуналардир. Кимё, металлургия, қурилиш материаллари, ёқилғи, тўқимачилик, кўн, озиқ-овқат ва б. саноат тармоқларида Кимёвий технология усулларидан фойдаланилади. Бундан ташқари, и. ч. усуллари ва жараёнларининг умумий, муҳим асослари ва қонуниятларини ўрганадиган умумий Кимёвий технология ҳам мавжуд. Кимёвий технология тайёр маҳсулот олиш мақсадида хом ашё ва ярим маҳсулотни тайёрлаш, унинг ҳолати, хоссалари, шаклини маълум и. ч. воситалари ёрдамида ўзгартириш усуллари ва жараёнларини ўрганади. Кимёвий технология анорганиқ моддалар технологияси (кислота, ишқор, сода, туз, минерал ўғитлар ва б. саноати) ва органиқ моддалар технологияси (синтетик каучук, пластмасса, кимёвий толалар, бўягич моддалар, спирт, органиқ кислоталар ва б. саноати) га бўлинади.