КИМЁВИЙ ҚУРОЛЛАР

КИМЁВИЙ ҚУРОЛЛАР — оммавий қирғин қуроллари турларидан бири. Шикастлаш таъсири кимёвий заҳарловчи моддалар (ЗМ) нинг заҳарлаш хоссаларига асосланган. Асосий таркибий қисмлари — жанговар кимёвий моддалар (зарин, Y-газлар ва б.) ҳамда уларни қўллаш воситалари — рақсталарнинг ЗМ тўлдирилган жанговар қисмлари, артиллерия снарядлари, миналар, авиация бомбалари, кассеталар, фугаслар, гранаталар ва б. Улар авиация, турли мосламалар, пуркагичлар ва аэрозол генераторлар ёрдамида ҳам тарқалиши мумкин. Шикастловчи таъсири қанча вақт сақланишига қараб, Кимёвий қуроллар турғун (бир неча соат, сутка, ҳафта, ойлаб сақланадиган) ва нотурғун (бир неча мин. сақланадиган) турларга бўлинади. Кимёвий қуроллар, асосан, душманнинг жонли кучлари (қўшин)га қарши ишлатиш учун мўлжалланади, лекин тинч аҳолига, ҳайвонот дунёсига ҳам хавф туғдиради, атроф-муҳитни заҳарлайди, экинзорларни нобуд қилади.

Кимёвий қуроллар дастлаб немис армияси томонидан 1915 й. да Икри (Бельгия)даги жангда қўлланилган. Кейинчалик бошқа армиялар ҳам қўллай бошлади. Кимёвий қуроллар Женева баённомаси (1925) билан тақиқланган. Бироқ баъзи тажовузкор мамлакатлар бу баённомани бир неча бор бузишган (мас, АҚШ Корея ва Вьетнамда, Исроил Ливанда Кимёвий қуролларни қўллаган).

Париж конвенцияси (1993)га мувофиқ, Кимёвий қуроллар заҳиралари бутунлай йўқотилиши лозим. Улар инсон саломатлиги ва табиат учун ўта хавфли бўлганлигидан уларнинг заҳираларини йўқотиш ишлари махсус объектларда амалга оширилади. 1993 й. маълумотларига кўра, Кимёвий қуроллар заҳиралари Россия (собиқ Иттифоқ) да 40 минг т ни, АҚШ да 29 минг т ни ташкил этган. 2-жаҳон урушида немислардан қолган (трофей) Кимёвий қуроллар заҳираси (тахм. 300 минг т) денгизга чўктириб юборилган.