КИМЁВИЙ БИРИКМА

КИМЁВИЙ БИРИКМА — бир ёки бир неча турли элемент атомларининг бирон хил кимёвий боғ ёрдамида бирлашувидан ҳосил бўлган кимёвий модда. Бир хил кимёвий элементдан тузилган оддий моддалар (мас, водород Н2, кислород О2, азот N2), турли хил кимёвий элементлардан тузилган мураккаб моддалар (мас, сув Н2О, аммиак NH3, сульфат кислота H2SO4, новшадил спирт NH4OH) К. б. дир. Кимёвий бирикманинг муҳим белгиси унинг бир жинслилигидир. У ана шу белгиси билан механиқ аралашмалардан фарқ қилади. Кимёвий бирикмаларни синтез қилиш ва текшириш кимё фанининг энг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.