КИМХОБ (форс.) — танда ипи зар, арқоғи ипакдан гул (нақш) ҳосил қилиб тўқилган қимматбаҳо мато. Зар ипининг рангига қараб сариқ К., кумуш ранг (оқ) Кимхоб деб номланган; ипакнинг рангига қараб кўк Кимхоб, пушти Кимхоб, қизил К. фарқланган. Бой хонадонлардаги аёл ва эркакларнинг устки кийимлари (тўн, нимча, камзул, паранжи ва б.), асосан, Кимхобдан тикилган. Кимхоб тўқиш Бухоро, Шаҳрисабз, Ғиждувон шаҳарларида қадимдан ривожланган. 20а. 20-й. ларигача Туркистон ўлкасининг чет элларга чиқарадиган асосий матоларидан ҳисобланган.