КИМ ИР СЕН

КИМ ИР СЕН (тахаллуси; корейсча «Кўтарилаётган Қуёш» маъносида, ҳақиқий исми Ким Сон Чжу) (1912.15.4 — Мангендэ қишлоғи, Пхеньян ш. яқинида — 1994.8.7, Пхеньян) — Корея сиёсий арбоби. Корея Меҳнат партияси (КМП) МК Бош котиби (1966 й. дан, 1949—66 й. ларда КМП МК раиси), ўқитувчиси оиласида туғилган. Бу оила 1920 (ёки бир йил аввал) Хитойга, Маньчжурияга кўчиб борди. Ким Ир Сен С бу ерда яширин марксистик тўгаракка кирди, бир неча ой қамоқда ётди. Озодликка чиққач, япон босқинчиларига қарши курашиш мақсадида партизан отрядларидан бирига қўшилди. 1932 й. дан кейинги ҳаёти бутунлай партиявий-сиёсий ишлар билан боғлиқдир. КХДРда сақланиб келаётган бир партияли тизимда Ким Ир Сен С шахсига сиғиниш авж олган. У «чучхе» — ўзига хослик ғоялари асосида қурилган «ер юзидаги жаннат» (корейс типидаги социализм) деб аталмиш жамиятнинг бунёдкори сифатида улуғланган. Жасади Пхеньян ш. даги «Кимсусан» мақбарасига қўйилган.