КИЧРАЙТИРИШ

КИЧРАЙТИРИШ, литота — истиора турларидан бири. Ўзбек мумтоз адабиётида: тафрит, тасғир (мўътадилликдан пастки ҳолат). Кичрайтириш 2 нарса, ҳодиса ёки тушунча ўртасидаги умумий ва жўзъий хусусиятларга асосланади, уларнинг ҳажм, вақт, ўлчов жиҳатлари қиёсан кичрайтирилади. Муболағанинг акси. Тасвир объектини ўта кичик, заиф қилиб ифодалаш орқали унинг моҳияти таъкидланади. Шунингдек, тасвирга ҳаддан ташқари кўтаринкилик, сатирик ва юмористик руҳ бериш учун ҳам қўлланилади. Кичрайтириш лексик жиҳатдан ўхшатиш, сифатлаш, истиорага асосланади.