КИЧИК ЧИМЁН — Тошкент вилоятидаги тоғ, Чатқол тоғининг шим. да. Чатқол тоғ тизмаси таркибига киради. Ғарбдан Чимёнсой водийси, жан-ғарбдан Катта Чимён тоғи ва шаркдан Қўйлисой б-н ўралган. Катта Чимён тоғидан Гулик довони орқали ажралиб туради. Энг баланд жойи 2098 м. Палеозой тоғ ҳосил бўлиш даврида бурмаланган, оҳактошлардан таркиб топган. Кейинчалик нураб, айрим жойларида гранит жинслари очилиб қолган. Ён бағирлари анча қия. Қўнғир ўрмон ва жигарранг тупроқлар тарқалган. Қуйи қисмида мевали дарахтлар, юқорида арчазор, ёнғоқзорлар ва б. ўсимликлар бор. Энг юқори қисми тошлоқ, дарахт кам. Чимёнсойда курорт («Чимён»), санаторий ва болалар ором-гохлари жойлашган.