КИБР, кибр-ҳаво, манманлик, димоғдорлик — ўз шахсиятига, қобилиятига ортиқча баҳо бериш, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, калондимоғлик оқибатида намоён бўладиган салбий ахлоқий сифат. Бу сифат кишиларни менсимаслик, уларга паст назар билан қараш, ўринсиз ғурурга берилиш, ўзининг арзимас ютуқларини бўрттириб кўрсатиш ва б. да кўринади. Кибр ли киши ўз айби, нуқсонларидан кўз юмади, манмансирайди. Манман киши ўзгаларнинг насиҳатини ёқтирмайди, залолат ботқоғига ботади. Кибр — кишиларнинг камчилиги, нуқсонидир. Кибр одамлар ўртасида бирдамлик, аҳиллик ва муҳаббатни йўқ қилади, адоват уйғотади. Кибр одобсизлик белгиси бўлиб, у доимо қораланган. Қуръонда кибру ҳаволи кишиларнинг жойи жаҳаннам эканлиги (Зумар сураси, 60-оят) таъкидланган. Ҳадисда ай-тилишича, димоғдор одам ахли дўзахдир.