КЕТОНЛАР

КЕТОНЛАР — карбонил гуруҳи (>С=О) икки органиқ радикал билан боғланган органиқ бирикмалар. Радикалларининг табиатига қараб, алифатик, алициклик ва ароматик Кетонларга бўлинади. Кетонларнинг аралаш хили ҳам бор. Олиниш усуллари ва кимёвий хоссалари альдегидларга ўхшайди. Кетонлар саноатда иккиламчи спиртларни оксидлаб ёки катализатор иштирокида дегидрогенлаб олинади. Кетонлар қайтарилганда иккиламчи, магнийгалогенорганиқ бирикмалар билан учламчи спиртлар ҳосил қилади. Карбонил гуруҳдаги кислород баъзи моддалар билан осон алмашинади. Кислота ва ишқорлар таъсирида конденсатланади (қ. Конденсатланиш реакцияси). Кетонлар кўпгина соҳаларда қўлланилади. Чунончи: циклогексанон капрон толаси учун бошланғич маҳсулот ҳисобланади. Улар, шунингдек, полимерлар, пестицидлар, стабилизаторлар, фотоматериаллар тайёрлаш, дори, хушбўй моддалар ва б. олишда эритувчи, экстрагент сифатида ишлатилади (қ. Иононлар).