КЕШОКОВ Алим Пшемахович [1914.9(22).7, Шалушка қишлоғи (ҳоз. Кабарда-Балкария, Чегем тумани)] — кабардин шоири ва ёзувчиси. Кабарда-Балкария халқ шоири (1964). 2-жаҳон уруши қатнашчиси. Илк шеърлар тўплами — «Тоғ этакларида» (1941). «Чавандознинг йўли» (1946) достони, «Ёшлик замини» (1948), «Шеърлар» (1951) тўпламларида 2-жаҳон уруши воқеалари акс этган. «Чўққилар уйғоқ» (1—2-китоб, 1960, 1966); «Синган тақа» (1973), «Ой чиқиши» (1977) романларида кабардин халқининг ҳаёти тасвирланган. «Қорли тоғдан қараб» автобиографик қиссаси (1974), «Альхо» пьесаси (1950), «Кўчки» киносценарийси (1951) муаллифи. Кешоков ўзбек шоирлари (А. Орипов, О. Матжон ва б.) шеърларини кабардин тилига таржима қилган. «Чўққилар уйғоқ» романи ўзбек тилида нашр этилган (1970).