КЕРЕНСКИЙ Александр Фёдорович

КЕРЕНСКИЙ Александр Фёдорович (1881, Симбирск — 1970, Нью-Йорк) — Россия давлати арбоби. Муваққат ҳукумат бош вазири (1917). Дастлабки таҳсилни Тошкентда олган. Петербург унти юридик ф-тини тугатган (1904). Керенский б-н Туркистондаги тараққийпарварлар Мустафо Чўқай, Аҳмад Закий Валидий, Ҳамза ўртасида алоқалар бўлган. Бироқ Керенский Туркистон мустақиллигига қарши эди. 1917 й. 25 окт. (7 нояб.)да В. И. Ленин бошчилигидаги большевиклар томонидан қурол кучи билан Муваққат ҳукумат ағдариб ташлангач, К. Петрограддан чиқиб кетди. Генерал П. Н. Краснов билан биргаликда большевикларга қарши исён кўтарди. 1 (14) нояб. да қизил аскарлар исённи бостирди. Керенский яширин равишда мамлакатдан чиқиб кетди. 1918 й. дан Францияда, 1940 й. дан умрининг охиригача АҚШда муҳожирликда яшади. Парижда тузилган «Партиядан ташқари демократик жамият»нинг ташкилотчиларидан бири (1920 й. июль — 1922 й. апр.). Бу жамият Россиядаги совет режимига қарши курашди. Муҳожирликда хотиралар, тарихий асарлар («Корнилов иши», «Гатчина», «Йироқцан» ва б.) ёзди.