КЕРАЙИТ

КЕРАЙИТ, кероит — 1) туркий-мўғул халқлари таркибидаги кад. қабилалардан бири. Ўрта асрларда (10 — 11-а. лар) Онон ва Керулен дарёлари (Мўғулистон)нинг юқори оқимлари, шунингдек, Тола дарёси бўйларида яшаб, бир неча қабилаларга (керайит, жиркин, конкант, сақант, тумаут, албат) бўлинган. 11 — 13-а. бошида ўз давлатлари бўлиб, у Ванхон Тўғрил даврида инқирозга учраган. 1203 й. Ванхон Чингизхондан енгилгач, бу давлат мўғуллар тасарруфига ўтган; К. ларнинг аксарияти кейинчалик мўғуллар истилосида қатнашган. Керайит ларнинг бир гуруҳи 13-а. охирида Озарбайжоннинг жан. га келиб, маҳаллий халқлар билан аралашиб кетган.

Керайит ларнинг бир қисми Чингизхондан енгилгач, Дашти Қипчоққа қочиб келиб ўрнашган ва кейинчалик (14-а.) Дашти Қипчоқ ўзбеклариниж қабила иттифоқига қўшилиб ислом динини қабул қилган. 16-а. бошида шайбонийлар б-н бирга Мовароуннаҳрга кириб келган ва кейинчалик ўтроқлашиб ўзларининг қабила-уруғ номларини унутиб, ўзбеклар таркибига сингиб кетган. «Насабномайи ўзбек» ва «Асомийи наводу ду фирқайи ўзбек» («Тўқсон икки ўзбек қабиласи исми») асарларида бошқа ўзбек уруғқабилалари қаторида санаб ўтилган. Дашти Қипчоқда қолган Керайит қозоқлар, бошқирдлар ва нўғойлар таркибига кирган. Ўзбекистонда 1920—26 й. маълумотларига кўра, Керайит лардан Жиззах уездида 600 киши, Каттақўрғон уездида 250 киши ва Бухоро воҳасида 230 киши яшаган.

2) Қозоқларнинг Кичик жуз таркибидаги қабила номи. 19-а. да Сирдарё бўйларида кўчманчилик қилган. Керайит ларнинг тамғаси ± шаклда бўлган.

Ад.: Рашид-ад-дин, Сборник летописей, т.1, кн. 1, М. —Л., 1952; Абдулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992; Ахмедов Б. А., Историко-географическая литература Средней Азии XVI—XVIII вв. Письменные памятники, Т., 1985; Радлов В. В., Из Сибири, М., 1989.