КЕРАТОЗЛАР (юн. keras — шох, мугуз) — тери мугуз (шох) қаватининг қалинлашуви билан кечадиган касалликларнинг умумий номи. Бунда тери яллиғланмайди. Кератозларга мугуз қаватнинг жадал ўсиши ёки шу қават ҳужайраларининг бир-бирига қўшилиб, битиб кетиши сабаб бўлади. Туғма, орттирилган ва конституцион Кератозлар фарқ қилинади. Туғма Кератозлар мугузланиш жараёнининг туғма камчиликларига боғлиқ (ихтиоз, кератодермия). Орттирилган Кератозлар умумий ва маҳаллий касалликлар (гипова авитаминоз), шунингдек, турли заҳарланишлар, нерв ва эндокрин система касалликлари оқибатида келиб чиқади. Конституцион Кератозлар эса болага қисман она қорнида, қисман туғилгандан кейинги нохуш омиллар туфайли рўй беради.