КЕРАТОФИР

КЕРАТОФИР (юн. keras — шох, мугуз, porhyreos — тўқ қизил ранг) — палеотип кўринишдаги порфирли эффузив ёки томир кўринишидаги нордон тоғ жинси. Иккиламчи жараёнлар таъсирида ўзгарган. Кулранг, оч яшил, қизғишбинафша, баъзан қўнғир рангда бўлади. Порфирли доначалар альбит, гоҳо анортоклаз, диопсид ва биотитдан иборат. Диопсид ва биотит кўпинча ўзгариб хлоритга айланади. Кварцли, ортоклазли ва б. турдаги Кератофирлар мавжуд. Кварцли порфир, диабаз ва спилит тоғ жинслари билан бирга учрайди. Кўпинча қайта кристалланишга учрайди ҳамда кварц ва альбитнинг глобу-ляр ўсимталари ҳосил бўлади. Микроскоп остида ишқорли дала шпати микролитларидан ташкил топганлиги кўринади. Хорижда Германия, Чехия, Польша, Норвегия, Швеция, АҚШ, РФда (Сибирь, Жан. Урал), шунингдек, Кавказ, Қримда бор. Ўзбекистонда Қурама, Томди тоғларида учрайди. Биноларни ички кўриниши, метро ст-ялари ва ёдгорликларни безашда ишлатилади.