КЕРАЛА

КЕРАЛА (малаяли тилида — кокос пальмалари ўлкаси) — Ҳиндистоннинг жан.-ғарбий қисмидаги штат. Арабистон денгизи соҳилида. Майд. 38,9 минг км2. Аҳолиси 31,8 млн. киши (2001), асосан, малаяли халқи. Аҳолисининг 60% ҳинду динига эътиқол қилади, қолганлари христиан ва мусулмонлар. Керала — мамлакатда аҳоли энг зич штат. Маъмурий маркази — Тируванантапурам (Тривандрам) ш.

Керала — ер юзасининг катта қисми пасттекислик, шарқида Кардамон ва Анаймуди тоғлари (бал. 2698 м гача) жойлашган. Иқлими тропик, муссонли иқлим. Йилига 3000 мм гача ёғин ёғади. Тоғ ён бағирларида эбен, тик, палисандр, пўкак дарахти ўрмонлари бор. Текисликларда деққончилик қилинади.

Керала — аграр штат. Аҳолининг 50% қ. х. билан шуғулланади. Экишга яроқли ерлар 2 млн. га. 387 минг га ерда шоли экилади. Бутун мамлакатда етиштириладиган кокос ёнғоғининг 41% К. да етиштирилади. К. Ҳиндистонда етиштириладиган қора мурчнинг 53%, кофенинг 27%, чойнинг 9%ни етказиб беради. Мамлакатдаги кокос пальмасининг 70%, каучукли ўсимлик плантацияларининг деярли ҳаммаси Керала да. Штат мамлакатда овланадиган жами денгиз балиғининг 20—25% ни беради. Марварид олинади. Керала фойдали қазилма ва гидроэнергия ресуреларига бой. Малабор соҳилида монацит, ильменит, рутил, циркон ва б. минералларга бой монацит қумининг катта қатламлари мавжуд. Саноати, асосан, қ. х. маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган. Кокос толасидан арқон, пояндоз ва б. буюмлар тайёрланади. Ёғочсозлик саноати ривожланган. Алюминий эритиш (Алвае), кимё (Кочин), целлюлоза (Кожикоде), электротехника (Кананнур), фанер, автомобиль шиналари, резина, керамика, ип газлама, машинасозлик ва металлсозлик корхоналари, ёғ з-длари, устахоналар бор. Саноат марказлари: Тируванантапурам, Алвае, Квилон, Кочин. Юклар, асосан, денгиз транспортида ташилади. Йирик портлари: Кочин ва Кожикоде. Кэшью ёнғоғи, чой, кофе, доривор ўсимликлар, лимон ўти мойи, денгиз маҳсулотлари экспорт қилинади.

Кадимда Керала ўрнида Мера давлати бўлганлиги мил. ав. 3-а. га оид манбаларда айтилган. Керала ҳудудита 1498 й. да португаллар, 1663 й. да голландлар, 18а. ўрталарида француз ва инглизлар келиб ўрнашган. 1792 й. да Кераланинг шим. қисми Англиянинг Ост-Индия компаниясига қўшиб олинди. Ҳиндистон мустақилликка эришгач, Таванпур-Кочин штати тузилди. 1956 й. да унинг асосида ҳоз. Керала штати ташкил этилди.