КЕНТУККИ — АҚШнинг жан. қисмидаги штат. Майд. 104,6 минг км2. Аҳолиси 4,06 млн. киши (2001), ярмидан кўпроғи шаҳарларда яшайди. Маъмурий маркази — Франкфорт ш. Йирик шаҳарлари: Луисвилл, Лексингтон. Кентуккининг кўп қисми Камберленд платосида (бал. 200—450 м) жойлашган. Карст рельеф шакли кўп. Машҳур Мамонт ғори ҳам ўша ерда. Ғарбий ва шим.-ғарбий қисмлари текислик. Огайо, Камберленд ва б. дарёлар кесиб ўтади. Иқлими мўътадил нам иқлим. Ойлик ўртача т-ра янв. да 0,4°, июлда 24,4°. Йиллик ёғин 1000-1250 мм.
Кентукки — индустриал-аграр штат. Кимё (синтетик каучук, тола, пластмасса ва б.), электротехника (уй-рўзғор асбоблари) ва умумий машинасозлик саноати ривожланган. Падьюка ш. АКШдаги атом саноати марказларидан бири. Озиқовқат (вино, жумладан, виски тайёрлаш) ва тамаки саноати корхоналари бор. Тошкўмир, табиий газ, нефть қазиб чиқарилади. Қ. х. да тамаки (ҳосили бўйича АКШда Шим. Каролина штатидан кейин 2-уринда), маккажўхори, емхашак экинлари, соя, буғдой экилади. Гўшт-сут ва гўшт чорвачилиги ривожланган. Огайо дарёсида кема қатнайди.