КЕНТ

КЕНТ (суғдча — уй, хонадон) — илк ва ўрта асрларда Туронзаминда жой номи. Суғд | ёзуви ва араб географлари асарларида кат, к а с , к а н д , «Девону луғотит турк»да кенд, кэн шаклида келтирилган бўлиб, дастлаб бир ёки бир неча оила яшайдиган, атрофи девор билан ўралган ҳовлини анг-латган. Оила ёхуд жамоа бошлиғи эса кадхудо (катхудо) деб аталган. Кейинчалик Кент жой (қишлоқ, ша\ар) номларининг таркибий қисмига айланган. Шарқий Туркистон ва Эронда ҳам баъзи жой номлари таркибида Кент бирикмаси мавжуд. Маҳаллий ҳамда араб тарихчи ва географларининг асарларида, чунончи Нажмуддин ан-Насафийнинг «Ал-Қанд фий зикри уламои Самарканд» [«Самарқанд уламолари хотирасига дойр (қанддек ширин китоб)»] китобида Ахсикас, Шалжийкас, Кабузанжакас, Йоркас, Банокас, Бойканд, Сийракас каби кўплаб қишлоқ ва шаҳар номлари қайд этилган. Ибн Ҳавқалнинг «Масолик ул-мамолик» асарида эса 40 дан ортик, Кент бирикмасига эга жой номлари келтирилган. Таркибида Кент сўзининг юқорида зикр этилган турли шакллари мавжуд қишлоқ ва шаҳарлар ҳозир ҳам сақланиб қолган. Mac, Тошкент, Пискент, Вобкент, Панжикент, Чимкент, Манкент, Ёркенд.

Ад.: Маҳмуд Кошғарий, Девону луғотит турк, 1—3-ж., Т., 1960—63; Нажмуддин ан-Насафий, Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд, Т., 2001.