КЕНОТРОН

КЕНОТРОН (юн. kenos — бўш ва электрон) — асосан, саноат частотали ўзгарувчан токни тўғрилаш (ўзгармас токка айлантириш) учун мўлжалланган электр-вакуумли қурилма (диод, лампа). Паст ва юқори вольтли турлари бор. Паст вольтли Кенотрон анодидати йўл қўйиладиган тескари кучланиш 2 кв гача, тўғри ток кучи бир неча амперта тенг; юқори вольтли Кенотронда тескари кучланиш 100 кВ гача, тўғри ток кучи 500 мА гача бўлади. Биринчисида чўғланма катод, қорайтирилган ёки хиралаштирилган анодлар (кўпинча 2 та), иккинчисида оксидланган катод ва қорайтирилган анод (битта) бўлади. Кенотронда чўғлама катод қизиб электронлар чиқаргани туфайли у токни фақат бир йўналишда ўтказади. Катоди чўғланмайдиган Кенотронда фаоллашган катоддаги автоэмиссия (электронлар чиқариш) ҳисобига ток ўтади. Кенотрон радиоприёмниклар, кучайтириш ва ўлчаш аппаратлари, рентген қурилмалари ва асбоблардаги тўғрилагичлар (ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантирувчи қурилмалар) да қўлланилади. Яримўтказгичлар техникаси тараққий этиши муносабати билан паст вольтли Кенотрон ўрнига яримўтказгичли диодлар ишлатила бошлади. Юқори вольтли Кенотронлар ҳозир ҳам қўлланилади.