КЕНИЯ

КЕНИЯ (Kenya), Кения Республикаси (Republic of Kenya) — Шарқий Африкадаги давлат. Майд. 582,6 минг км2. Ахрлиси 30,7 млн. киши (2001). Пойтахти — Найроби ш. Маъмурий жиҳатдан 7 вилоят (province)ra ва пойтахт округига бўлинади.

Давлат тузуми. Кения — республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстликка киради. Амалдаги конституцияси 1969 й. да қабул килинган, кейинчалик тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (1978 й. дан Даниэль арап Мои). У умумий тўғри овоз бериш йўли билан 5 й. га сайланади ва қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни президент ва Миллат мажлиси (бир палатали парламент), ижроия ҳокимиятни президент, вице-президент ва ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Кения Шарқий Африка ясситоғлиги (шаркда бал. 500 м ва ғарбда бал. 1500 м) шим.-шарқий чеккасида жой-лашган. Ҳинд океани соҳили узилма тоғлардан иборат, тик ва кам парчаланган. Жан. дан шим. га томон кенгайиб (50—200 км) борадиган текислик бор. Унга туташ ботиқнинг атрофи тоғ тизмалари (шаркда Абердэр, бал. 400 м гача, ғарбда May ва Элгейо, бал. 3000 м гача) ва сўнган вулканлар (Кения тоғи, 5199 м — К. даги энг баланд чўққи), Виктория кўли бўйлари камбар текислик билан ўралган. Трона, олтин, кианит, диатомит, охактош, графит, полиметалл руда конлари топилган. Кения экватор иқлим минтақасидажойлашган. Соҳилда ҳарорат иссиқ (июлда ўртача т-ра 24—25°, янв. да 27°), ясситоғликда салқинроқ. Йиллик ёғин миқдори шим.-шаркда 250 мм дан жан.-ғарбда 1500—2000 мм гача. Экватор яқинида серёмғир мавсум: март—апр. ва нояб. — дек. Дарёлари кам сувли, қисқа, айримларидагина кема қатнайди. Йириклари: Тана, Галана. Оқмас кўл кўп (энг каттаси — Рудольф). Мамлакатнинг шарқи ва шим.-шарқи жигарранг-қизил латеритлашган, тошлоқ, камҳосил, аксар шўр тупроқли. Шим.-ғарби ва жан.-шарқи қизил-қўнғир, Виктория кўли бўйлари ўтлоқи қизил-қўнғир, Ҳинд океани соҳили қора ва бўз тупроқли. Кения шим. да тиканли ўрмонлар ва бутазорлар, чўлга айланаёзган саванналар, ғарбида бўйдор ўтли саванналар, тоғ этакларида сернам тропик ўрмонлар, тоғларда ўтлоқлар бор. Ёввойи ҳайвонлардан фил, каркидон, зебра, буйвол, жирафа, арслон, маймунлар, дарёларда тимсоҳ, бегемотлар учрайди. Кенияда қўриқхона ва миллий боғлар (Цаво, Сибилон, Маун-Кения, Меру, Абердэр ва б.) кўп.

Аҳолисининг 66% ни бенуэ-конго тилларида сўзлашувчи халқлар ташкил этади. Уларнинг йириклари: кикуйю, лухя, камба, кисии, меру ва б. К. да ҳиндлар, европаликлар, араблар ва б. хам яшайди. Расмий тиллар — суахили ва инглиз тиллари; аҳолининг 1/2 қисми маҳаллий динларга эътиқод қилади, қолганлари христианлар, мусулмонлар ва б. Жами аҳолининг 25,3% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Найроби, Момбаса, Накуру, Кисуму. Тарихи. Кения ҳудудида илк палеолит даврида манзилгоҳлар бўлгани маълум. Айрим тадқиқотчилар дастлабки одамзот шу ерда пайдо бўлган, деб ҳисоблайдилар. Ҳоз. аҳолисининг кўпчилиги 14—19-а. ларда Африканинг турли жойларидан келган банту ва нилот қабилаларидан тарқалган. Мил. ав 5—6а. ларда Кенияга юнон, миср, хитой, араб денгиз сайёҳлари ва савдогарлар келиб кетиб турган. 7—8-а. ларда қишлоқлар, 11 — 15-а. ларда шаҳар-давлатлар пайдо бўлди. 16-а. да португаллар К. нинг шарқий қисмини босиб олди. 18-а. да бир неча араб султонликлари вужудга келди ва қул савдоси ривожланди. Буюк Британия қул савдосига қарши кураш баҳонаси билан Кенияга суқилиб кела бошлади. 19-а. охирида К. Буюк Британия қўл остига ўтди. Мустамлакачилар маҳаллий аҳолидан унумдор ерларни тортиб олди. Африкаликлар махсус ажратилган жойларда яшашга мажбур этилди, ирқий камситилди. 1920 й. да К. Буюк Британия мустамлакаси деб эълон қилинди. Шундан кейин мустамлакачиликка қарши ҳаракат қилувчи сиёсий ташкилотлар (Кикуйю ташкилоти ва б.) тузилиб, улар мажбурий меҳнат бекор қилиниши, солиқлар қисқартирилишини, маориф тизими яхшиланиши ва тортиб олинган ерлар қайтариб берилишини талаб қилди. 2-жаҳон уруши даврида Кения озиқ-овқат ва қ. х. хом ашёси етказиб берувчи манбага айлантирилди, кениялик аскарлар Буюк Британия мустамлака қўшинлари сафида Яқин Шарқ ва Бирма (ҳоз. Мьянма) даги урушда қатнашдилар. 40-й. лар охирида озодлик ҳаракати янада кучайди. 1952 й. да қуролли қўзғолон бошланди. Қўзғолон 4 й. давом этди. Мустамлакачилар қўзғолонни бостириб, ватанпарварлардан 11 минг кишини ўлдирди, 100 мингга яқин кишини қамоққа олди. 1960 й. тузилган Кения африкаликлар миллий иттифоқи (КАНУ) К. мустақиллигини талаб қилди. 1961 й. Крнун чиқарувчи кенгашга ўтказилган сайловда КАНУ 67% овоз олди. 1963 й. майда янги Миллат мажлисига ўтказилган сайловда ҳам КАНУ ғолиб чиқиб, Ж. Кениата бошчилигида биринчи миллий ҳукумат тузилди. 1963 й. 12 дек. да Кения мустақил давлат, 1964 й. 12 дек. да эса республика деб эълон қилинди Кения — 1966 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 12 дек. — Мустақиллик куни (1963).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Демократик партия, 1992 й. да тузилган; К. африкаликлар миллий иттифоқи (КАНУ), 1960 й. да асос солинган; Миллий ривожланиш партияси, 1994 й. да тузилган; Социал-демократик партия, 1992 й. да асос солинган; Форд-Асили ва Форд-К. партиялари, 1992 й. окт. да тузилган. Кения касаба уюшмалари марказий ташкилоти, 1965 й. да тузилган.

Хўжалиги. Кения — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши — 24%, саноатнинг улуши — 10%гаяқин. Иктисодиётининг асоси – қ. ҳ., унинг маҳсулоти мамлакат экспортининг 3/4 қисмини ташкил этади. Кения мустақилликка эришгач, ялпи ички маҳсулот таркибида қ. х. нинг улуши тобора пасайиб, саноат ва савдонинг улуши ошиб, натурал и. ч. улуши камайди.

Қишлоқ хўжалигида аҳолининг 70% банд. Асосий экинлари — кофе, чой, сизаль, пиретрум, пахта, шоли, буғдой, шакарқамиш; ички эҳтиёжлар учун маккажўхори, маниок, тариқ, жўхори, арпа етиштирилади. Сут чорвачилиги, паррандачилик, чўчқачилик ривожланган. Қорамол, қўй, эчки боқилади. Балиқ овланади ва ёғоч тайёрланади.

Саноати, асосан, қ. х. хом ашёсини қайта ишловчи корхоналар ва ҳунармандчилик устахоналаридан иборат. Озиқ-овқат, тўқимачилик, автомобиль йиғув, кўнчилик, кимё, нефтни қайта ишлаш, тахта тилиш ва металлсозлик, қогоз саноати корхоналари, цемент з-длари ҳам бор. Кончилик саноатида флюорит, табиий сода, диатомит, каолин, гипс, кианит, асбест, ош тузи қазиб чиқариш устун. Бирмунча миқдорда мис, қўрғошин, кумуш қазиб олинади. Йирик саноат марказлари: Найроби, Момбаса, Кисуму, Накуру, Тика, Элдорет ш. Энергетика сохасида гидроэлектр ст-яларинингсалмоғи катта. Тана дарёси бўйида Гитару, Камбуру, Киндарума ГЭСлари қурилган. Йилига ўртача 3,1 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади.

Транспорти. 3 минг км т. й., 62 минг км автомобиль йўли бор (шундан 4,5 минг км асфальтланган). Асосий денгиз порти — Момбаса. Найроби ва Момбасада халқаро аэропортлар бор.

Кения четга кофе, чой, нефть маҳсулотлари, тамаки, пиретрум, сизаль, мева ва сабзавот, кальцинирланган сода, гўшт, тери, цемент ва ҳ. к. чиқаради. Четдан саноат ва транспорт ускуналари, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари, қора ва рангли металл, нефть, дори-дармон ва ҳ. к. олади. Ташқи савдодаги асосий мижозлар — Буюк Британия, Гемания, АҚШ, Япония, Нидерлан-дия. Ташқи сайёҳлик ривожланган. Пул бирлиги — Кения шиллинги.

Тиббий хизмат. Соғлиқни сақлаш тизимига давлат раҳбарлик қилади. Юқумли касалликлар (безгак, ичбуруғ, юқумли гепатит, ич терлама ва б.) кенг тарқалган. Хусусий шифохоналар ҳам бор. Врачлар Найроби ун-тида, ўрта малакали тиббий ходимлар Тиббий тайёргарлик маркази ва тиббиёт мактабларида тайёрланади.

Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари. Кенияда бошланғич мактаб 7 й. лик ва бепул. Болалар 6 ёшдан инглиз тилида ўқитилади. 4-синфдан бошлаб суахили тили. ўргатилади. Ўрта мактаб 6 й. лик. Мамлакатда 16 минг бошланғич, 2,5 минг ўрта мактаб бор. . Илк ҳунар-техника таълими бошланғич мактаб негизида 2—6 й. лик савдо, тижорат, ҳунармандчилик, қ. х., ўрмон ва ветеринария ҳунар билим юртлари ва мактабларида, шунингдек, корхоналарда амалга оширилади. Ўрта техника таълими кичик ўрта мактаб негизида коллежларда ташкил этилган. Олий ўқув юртлари: Найробидаги Миллий ун-т, Эгертон ун-ти, Найробидаги ун-т коллежи. Йирик кутубхоналари: Миллий ун-т кутубхонаси, Найробидаги Ёдгорлик кутубхонаси, ун-т коллежи кутубхонаси, Момбасадаги оммавий кутубхона; музейлари: Найробидаги Кения миллий музейи, Китале ш. даги Ғарбий Кения миллий музейи, Момбасадаги музей ва б.

Кенияда 20 га яқин илмий муассаса, жумладан, Найробида Кения индустриал тадқиқот ин-ти, Миллий қ. х. лаб., Тиббиёт тадқиқотлари лаб., Сил касалликлари тадқиқот маркази, Қ. х. тадқиқот маркази, Тиббий тадқиқот ин-ти, Шарқий Африка ин-ти, Африка тарихини ўрганувчи халқаро ин-т, Ньянза вилоятида пахта тадқиқоти ст-яси, Ру-ируда кофе тадқиқоти маркази, Керичода чой тадқиқоти инти ва б. бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Кенияда 60 га яқин газ. ва жур. нашр этилади. Энг мухимлари: «Дейли нейшн» («Миллатнинг кундалик газетаси», инглиз тилида, 1960 й. дан), «Кения лео» («Бугунги Кения», суахили тилидаги кундалик газ., 1983 й. дан), «Кения тайме» («Кения вақти», инглиз тилидаги кундалик газ., 1982 й. дан), «Пипл дейли» («Халқ кундалик газетаси», инглиз тилида, 1998 й. дан), «Стандард» («Байроқ», инглиз тилидаги газ., 1902 й. дан), «Таифа лео» («Ҳозирги миллат», суахили тилидаги кундалик газ., 1960 й. дан), «Драм» («Дўмбира», инглиз тилидаги ойлик жур., 1956 й. дан), «Таргет» («Мақсад», инглиз тилидаги жур., 1964 й. дан). ’ К. ахборот агентлиги (КНА) 1963 й. дек. да ташкил этилган. Кения радиоэшиттириш корпорацияси 1989 й. да тузилган. Радиоэшиттиришлар 1927 й. дан, телекўрсатувлар 1962 й. дан олиб борилади.

Адабиёти асосан, инглиз тилида, шунингдек, кикуйю, масаи, суахили ва б. маҳаллий тилларда фольклор негизида ривожланиб келаётир. Умуман Кенияда ёзма адабиёт 17-а. да суахили тилида юзага келди. Унда қаҳрамонлик, диний ва б. мавзудаги достонлар муҳим ўрин тутади. Этнограф олим, миллий-озодлик ҳаракатининг раҳбари Ж. Кениата халқ афсоналари, эртаклари, ривоятларини қайта ишлаб эълон қилди. Ўзи ҳам «Кения тоғига қараб» (1936) ва «Менинг халқим — кикуйю» (1942) китобларини ёзиб нашр эттирди. 19 — 20-а. ларда ҳам, асосан, назм ривожланди. Насрий асарлар 50-й. лар охирида юзага кела бошлади. М. Гикарунинг «Қуёш ўлкаси», В. Итотенинг «Генерал May May», Ж. Кариуканинг «May May ҳибсда», М. Гатерунинг «Икки олам фарзанди» қиссаларида инглизларнинг Кенияни мустамлакага айлантириши ва демократик кучларнинг озодлик учун кураши кўрсатилган. Ж. Нгугининг инглиз тилидаги романлари («Йиғлама, бўтам», «Орамиздаги дарё») ва «Қора дарвиш» пьесаси эълон килинган. Кейинги йилларда Б. О. Вандера, Э. Хинга, М. Алот, М. Мванги, А. Кадамбе, Д. Карока, Л. Кибера, М. Рухена каби ёш ёзувчилар адабиёт майдонига ўз овозлари ва янги мавзулар билан кириб келдилар. Нгуги Ва Тхионгонинг «Қонли япроклар» ва «Санамдаги иблис» романлари айниқса диққатга сазовор.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Кения ҳудудида илк ўрта аерларга оид маҳаллий маданият ёдгорликлари: дойра тош деворлар, сағана эҳромлари, арикдарнинг қолдиқлари сақланган. Денгиз соҳилида Геди, Малинди, Унгвана, Мнарани, Таква, Момбаса каби шаҳарлар пайдо бўлган. 14 — 15-а. ларда араб меъморлиги услубида мудофаа истеҳкомлари, масжидлар, бозорлар барпо этилган. 16-а. да портуғаллар меъморлигига хос услубда қурилган қаср ва Васко да Гама тош колоннаси сақланган. 20-а. дан шаҳарлар инглиз ва немис меъморлари лойиқаси асосида темир-бетон конструкциялар ва янги қурилиш металларидан фойдаланиб қурила бошлади. Биноларда лентасимон дераза, пешайвон, офтоб тўсқичлар, рангли сопол плиталар кенг қўлланилган (мас, Миллий театр, техника коллежи ва б.). Кишлок,ларда дойра қилиб лой билан сувалган, усти хашак билан ёпилган синчли уйлар кўпроқ учрайди. Кейинги йилларда қурилган иншоотлардан Момбасадаги «Океаник» меҳмонхонаси, Найробидаги госпиталь, кўп қиррали 26 қаватли минораси ва айланувчан ресторани бўлган Кениата мажлислар залини кўрсатиш мумкин.

Бадиий ҳунармандчиликда ёғочни ўйиб ва куйдириб нақш солиш, маросим рақслари учун теридан ниқоб, мис ва жездан зеб-зийнат буюмлари, лой ва қовоқцан идишлар, ёғоч қўғирчоқлар, сополдан жониворлар ҳайкалчаларини ясаш, похолдан сават тўқиш кенг авж олган.

Мусиқаси. Кения мусиқий маданияти мамлакатда яшовчи турли элатлар мусиқасини ўз ичига олади. Шу туфайли оҳанглар, услублар, чолғу асбоблари ҳам хилма-хил. Халқ удумлари ва ма-росимларида ашула, рақс ва мусиқа бўлиши шарт. Чолғу асобоблари орасида турли-туман ноғора, дойра ва сурнайни эслатувчи асбоблар, ўзига хос арфа, литунгу, най ва б. бор. Кўпинча хонанданинг ўзи арфа чалиб ашула айтади ва бадиҳачилик усулида қўшиқ тўқийди. 20а. охирида европача мусиқанинг таъсири кучайди. Кения мустақилликка эришгач, ҳаваскорлик ижодиёти айниқса ривож топди, мусиқа ташкилотлари тузилди. Шарқий Африка консерваторияси, Найроби мусиқа жамияти, «Бомас» ашула ва рақс гуруҳи, радио ва телевидениенинг чолғу асбоблари оркестри мусиқа маданиятини ривожлантиришда, миллий кадрлар тайёрлашда катта роль ўйнай бошлади.

Театри. Туб аҳоли томошаларида рақс санъати қадимдан ривожланган. 20-а. бошларида Кенияда инглиз ҳаваскор театри труппалари вужудга келди. 1948 й. дан Найробида инглиз профессионал театри, 1952 й. дан Миллий театр ишлайди. Кения мустақилликка эришгач, африка ва ҳинд театрлари пайдо бўлди. Театрни халқ оммасига яқинлаштиришга интилган Ж. Мпахлеле «Чемчеми» («Чашма») труппасини тузиб, унга раҳбарлик қилди ва бир қанча пьесаларни муваффақиятли саҳналаштирди. «Тауси» драма клуби (1963) маҳаллий муаллифларнинг маиший мавзудаги пьесаларини қўйиш билан шуҳрат қозонди. Миллий театрнинг кенияликлардан биринчи директори — Сет Адагала раҳбарлигида драма мактаби очилди. Унинг талабалари иштирокида ташкил этилган Миллий театр труппаси мамлакат бўйлаб томоша кўрсатиб юради.