КЕНГКЎЛ ҚАБРИСТОНИ

КЕНГКЎЛ ҚАБРИСТОНИ — мил. 2 – 4-а. ларга оид 100 га яқин мозорқўрғонлар гуруҳи. Қирғизистондаги Талас дарёсининг юқори оқимида, Кенгкўл дарёсининг Талас дарёсига қуйилиш жойида. 1938 й. А. Н. Бернштам топган ва уни гуннларга мансуб деб ҳисоблаган. 1938— 39 ва 1956—57 й. ларда у ерда қазиш ишлари олиб борилиб, қуйидагилар аниқланди: маййитлар, асосан, ер ости йўлаклари орқали кириладиган гумбазсимон ҳужра (камера)ларга ва қисман ерга якка-якка ва гуруҳ-гуруҳ қилиб дафн этилган, уларнинг баъзилари ёғоч тобутларда ва баъзилари тахта тўшакларда ётибди; жасадларнинг ирқий типи метислашган (монголоид ирққа хос белгиларга эга европеоидлар); бош суяклари шакли сунъий ўзгартирилган. Кенгкўл қабристонидан топилган ашёлар: турли сопол идишлар, ёғоч косалар, пойнаклари темир ва суякдан қилинган камон ўклари, суяк қопламали камонлар, жез ойнаклар, ёғоч хонтахта ва бешиклар, ипак кийимлар, турли зебзийнатлар, сопол чилимлар ва б.