КЕНЕСАРИ ҚЎЗҒОЛОНИ — Ўрта жузнпнг Россияга тобе қилиб олинишига қарши олиб борилган миллий озодлик ҳаракати (1837—47). Россия империяси 19-а. бошларидан эътиборан Қозоғистонни бутунлай бўйсундириш тадбирларини ишлаб чиқди. 1819 й. Ўрта жуз тугатилиб, Омск губернясига қўшиб юборилди. 1822 й. қабул қилинган Сибир қирғизлари бўйича низом (устав)га мувофиқ, қозоқ жамияти округ, бўлис, овулларга ажратилиб бошқарилган. Бўлислар бошида султонлар ўтирган. Қозоқларнинг анъанавий турмуш тарзини емириш ва руслаштириш учун ҳосилдор ерларга казаклар кўчириб келтирила бошланди. Қозоқ аҳолиси чоризмнинг бундай мустамлакачилик сиёсатига қарши Аблайхоннинг авлодлари атрофида уюша бошлади. Дастлаб Кичик жузда Исатой Тайминов ва Махамбет Утемисов бошчилигида қўзғолон кўтарилди (1836—38). Ўрта жузда Аблайхоннинг невараси султон Саржан Россияга карши кураш бошлади (1836). Чоризмга қарши олиб борилган бу курашлар стихияли ва тарқоқ бўлса ҳам 19-а. да қозоқ халқининг Россия ҳукмронлигига қарши кўтарган энг катта қўзғолони — султон Кенесари Кроимое (1802—47) бошчилигидаги қўзғолонни ташкил қилишда муҳим роль ўйнайди. Кенесари қўзғолонининг асосий мақсади Қозоғистоннинг Аблайхон давридаги ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш, округларни тугатиш, Россия империяси ҳали босиб олмаган қозоқ ерларининг тўла дахлсизлигини сақлаб қолиш эди. Кенесари Қосимовнинг асосий талаблари Россия императори Николай I, Оренбург губернатори В. А. Перовский, В. А. Обручев, Сибир губернатори князь П. Д. Горчаков ва б. га йўллаган хатларида кўрсатилган. Кенесарига биродарларининг ҳеч қайсиси жасоратда тенг кела олмаган. У бобоси Аблайхоннинг энг яхши хислатларини ўзида мужассамлаштирган, жўшқинлиги ва ҳаракатчанлиги б-н ҳатто ундан ўтиб кетган эди. Бироқ, қўзғолон бошланиши билан қозоқ зодагонлари бир-бирига қарама-қарши 2 гуруҳга бўлинди. Оқ-мўла округининг катта султони Кониркулжа Кудаймендин, Кичик жуз султонлари Аҳмад ва Муҳаммад Жонтурин, султон Айчуваков Кенесарининг ашаддий душманлари бўлиб, улар чор маъмурлари олдидаги ўз мавқеини йўқотишни хохлашмаган. Ҳатто Аблайхоннинг ўғиллари Али, Суюк (Кенесарининг амакилари) ҳам у Еттисувга жўнаб кетгач, қўзғолончиларга нисбатан душманчилик муносабатида бўлишди. Ушбу қийинчиликларга қарамасдан султон Кенесари барча воситалар билан ўз атрофида 3 жузнинг уруғларини тўплашга эришди.
Кенесари қўзғолонида Ўрта жуздан ташқари Кичик жузнинг шекти, тама, табин, олчин, шумекей, жаплас, Катта жузнинг уйсун, дулат ва б. уруғлари фаол қатнашди. Қўзғолончиларнинг умумий сони 20 минг кишига етди, хусусан, Ўрта жуз султонлари алоҳида жонбозлик кўрсатишди. Омск суд-жазолаш муас-сасалари тўплаган маълумотларга қараганда, фақат Кушмурун, Кўкчатов, Оқмўла, Карқара,Боёновул округларида қўзғолончиларни 80 дан ортиқ султонлар, бийлар, оқсоқоллар қўллаб-қувватлаган. Қўзғолоннинг ҳаракатлантирувчи кучи қозоқ чорвадорлари эди. Ҳарбий отрядларга Агибай, Иман (Омонгелди Имоновнинг бобоси), Басигара, Ангал, Жеке, Бойсаид, Букор-бой каби таниқли халқ ботирлари раҳбарлик қилишди. Қўзғолонда қозоқлардан ташқари ўзбеклар, қирғизлар, ҳатто руслар ва поляклар ҳам қатнашди. Кенесари қўзғолони 1837 й. нояб. да бошланиб, фаол ҳарбий ҳаракатлар 1838 й. баҳорида Оқмўла истеҳкоми эғаллангач, кучайтирилди. Қўзғолончилар тезда Тўрғайда ўз кучларини бирлаштирдилар. Улар сафига Кичик жуздан Исатой Тайминов ўз отряди билан келиб қўшилди. 1841 й. сент. да 3 жузнинг вакиллари Кенесари Қосимовни хон қилиб сайладилар, қозоқ хонлиги қайта тикланди. 1841 й. авг. да Қўқон хонлигига қарашли Сўзоқ, Жанақўрғон, Оқмачит, Жулек қалъалари эғалланди. Кенесарихоннинг Бухоро хонлиги (амирлиги) ва Хива хонлиги б-н муносабатлари эса яхши бўлган. Хива хони қозоқ отрядларини тўплар ва ўқдори билан таъминлаган. Кенесарихон Россияга қарши курашда улар билан ҳарбий иттифоқ тузмоқчи бўлади. 1843 й. 27 июнда Николай I К. қ. га қарши йирик ҳарбий юриш тайёрлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоқ уруғлари ўртасидаги қарама-қаршилик чоризм маъмуриятига қўл келди. Лебедевнинг 2 минг кишилик қўшини қозоқ султонлари А. Жонтурин ва Б. Айчуваковнинг отрядлари билан ҳамкорликда қўзғолончиларга қарши ташланди. 1844 й. 21 июнда Кенесарихон қўшини султон Жонтурин қўшинини енгди. Қўзғолонни бостириш учун Оренбургдан полковник Дуниковский, Сибирдан генерал Жемчужников бошчилигидаги қўшинлар келтирилди. Икки томондан исканжага олинган Кенесарихон ўзининг қолган қўшинини Сариқ Аркудан олиб, Катта жузга чекинди. Кенесари қўзғолонининг 1-босқичидаги мустамлакачиликка қарши кураш шу билан тугади. 1847 й. дан бошлаб унинг 2-босқ-ичи — қирғизларга қарши талончилик юриши бошланди. Кенесарихон Или дарёсининг ўнг қирғоғига ўтиб, у ердаги кўчманчи Олатов қирғизларига хавф солди. 1847 й. апр. да Кенесарихон 10 минг кишилик қўшин билан қирғиз ерларига бостириб кирди. Қирғиз манаплари Ўрмон, Жантай Қорабеков, Жангарач қурултой чақириб, халқни унга қарши кўтардилар. Иссиқкўл атрофи ва Чу дарёсининг юқори қисмида қирғизлар билан бир неча марта тўқнашувлар бўлди. Тўқмоқ яқинидаги сўнгги жангда Кенесарихон мағлубиятга учради. 1847 й. ёзида Кенесарихон бошчилигидаги кичик гуруҳ (2 ўғли, биродари ва 15 султон) Олмали дарасида қирғизлар томонидан асир олинди. Манап Хўжамбек Тоштамбек хун олиш одатига кўра, султон Кенесарихонни ваҳшиёна ўлдирди. Асир олинган бошқа кишилар ҳам қийнаб ўлдирилди. Манап Жантай Қорабеков унинг бошини русларга юборди. Князь Горчаков бу қирғиз манапларини қимматбаҳо совғалар ва турли мансаблар билан сийлади. Қўзғолон иштирокчиларидан аёвсиз ўч олишга киришилди. Кенесари қўзғолони ана шундай фожиали якунланди. Унинг оқибатлари қозоқ жузларининг тамоман Россия империяси томонидан эғалланишига, шунингдек, Шим. Қирғизистонга рус қўшинлари бостириб киришига олиб келди.
Ад.: Национально-освободительная борьба казахского народа под предводительством Кенесары Касымова [Сборник документов] (рус ва қозоқ тилида), Алматы, 1996; Материалы к истории Султана Кенесары Касымова, Т., 1923; История Казахстана (очерк), Алматы, 1993.
Қаҳрамон Ражабов.