КЕНАГАС — ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири. Хоразм, Бухоро вилояти, Фарғона водийси, Қорақалпоғистон ва Шим. Афғонистонда яшаган, таркибида бир қанча кичик қабила ва уруғлар бўлган. Булардан энг йириклари очамайли, кирей, абак кирей, овоқли, тароқли, чуют, қайри соли. Мас, Қорақалпоғистондаги Кенагас (10 минг киши, 1924) таркибида аранши, оқтугин (ақтоғин), омир (умар), тароқли, дубал (добал), оймаут (уймоут), домбазак (думбазак), нокис (нукус) каби 8 уруғ бўлган. Бу уруғлар ўз навбатида 21 тера (уруғ шохобчаси)дан ташкил топган. 1912—13 й. ларда Янгибозор ва Кегайли волостида 8601 Кенагас яшаганлиги қайд этилган. 1926 й. да ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра, эса Шаҳрисабз, Китоб ва уларга яқин қишлоқларда 35040, Бухоро воҳасида 2725, Кармана ва унинг атрофида 2775 Кенагас истиқомат қилган. Фарғона водийсида, асосан, Қўқон теварагидаги қишлоқларда яшаган. Қўқон хони Абдураҳимбий К. лардан бўлган Шаҳрисабз ҳокими Ҳаким Бухорийнинг қизи Ойчучукка уйланган бўлиб, Фарғона водийсида у «Кенагас ойим» исми билан машҳур эди.
Абдуллахон П даврида Кенагаслар юқори мансабларни эғаллашган. Кенагас етакчилари хоннинг ўнг томонидаги аъёнлар қаторида, раисдан кейинги ўринда бўлган. Аштархонийлардан Абдулазизхон даврида эса соқий Хожа кенагас Ишкашим ҳокими этиб тайинланган. «Тарихи Абулхайрхоний» асаридаги маълумотларга кўра, Ўзбек улусиш Кенагаслар қўшиннинг чап қаноти — жуванғарая жанг қилган. Абдураҳмон Толеънинг «Тарихи Абулфайзхон» асарида айтилишича, Абулфайзхон Бухоро тахтига ўтиргач (1711), айшу ишратга берилиб, давлат ишларини ўзи бўларга ташлаб қўяди. Натижада мамлакатда қабилалараро бебошлик, адоват кучайиб, бир қанча қабилалар қатори Кенагаслар ҳам тинч аҳолини талаш, уларга нисбатан турлича ёвузликлар қилишда қатнашади. Mac, 1719 й. баҳорида мирохур Исмоил бошчилигидаги 2 минг кишилик Кенагаслар қўшини Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин қишлоғига бостириб кириб, у ерда «гули сурх» («қизил гул», яъни лола) байрамига тўпланган кўп минглик тинч аҳолини талаб, ўта беаёв жабр-зулм қилган. Шу боис Абулфайзхондан кейинги хонлар даврида Кенагас ларнинг кўпчилиги азалий турар жойларидан бадарға қилиниб, Бухоронинг турли туманларига тарқатиб юборилган. Бухоро хони Муҳаммад Раҳим даврида давлат мансабларига 32 йирик қабила (жумладан, Кенагас) вакилларидан қўйилган. Чунончи, Худоёр кенагас Бухоро додхойи этиб тайинланган.
Кенагас ларнинг асосий машғулоти чорвачилик ва деҳқончилик бўлган. Улар 20-а. бошларида ўзбеклар таркибига бутунлай сингиб кетган.
Ад.: Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001; Кармышева Б. X., Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Ўзбекистона, М., 1976.