КЕМЕРОВО

КЕМЕРОВО (1925-32 й. ларда Шчегловск) — РФдаги шаҳар, Кемерово вилояти маркази, Искитим дарёсининг Томь дарёсига қуйилиш ерида, Томь дарёсидаги пристань. Транспорт йўллари тугуни. Юрга ст-яси орқали ТрансСибирь магистрали билан боғланган. Кузбасс кўмир ҳавзасининг маркази. Аҳолиси 500,7 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Кимё («Химпром», «Азот» ва бошка и. ч. бирлашмалари), машинасозлик (кимё машинасозлиги, электротехника, электр двигателлари, «Кузбассэлектромотор», «Строммашина» з-длари), енгил, озиқовқат, мебель ва қурилиш материаллари саноати корхоналари бор. 5 олий ўқув юрти (шу жумладан, ун-т), 3 театр, ўлкашунослик, тасвирий санъат музейлари мавжуд. Кемерово 1918 й. Шчеглово (1720 й. да асос солинган) ва Кемерово (1863 й. да асос солинган) қишлоқларидан вужудга келган. Кемерово атрофидан тошкўмир қазиб олинади.