КЕГЕЙЛИ ТУМАНИ — Қорақалпоғистон Республикасидаги туман. 1928 й. 3 сент. да Чимбой туманидан ажратиб ташкил этилган. Чимбой, Нукус, Қораўзак, Бўзатов туманлари б-н чегарадош. Майд. 0,94 минг км2. Аҳолиси 58,2 минг киши (2000). Кегейли туманида 1 шаҳар (Халқ-обод), 1 шаҳарча (Кегейли) ва 6 овул фуқаролари йиғини (Абат, Жанабозор, Жалпақжап, Кумшункўл, Оқтўба, Қизилуй) бор (1998). Маркази — Кегейли шаҳарчаси. Кегейли атамасининг келиб чиқишини туман ва Кегейли шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтадиган Кегейли канали номи билан боғлайдилар. Бу каналнинг икки томони кегай дарахтлари, туранғиллар билан бурканиб турганлиги учун у Кегейли номини олган дейилади. Ушбу ном кейинчалик шаҳарча ва туман номига айланган.
Табиати. Кегейли тумани қуйи Амударёнинг ўнг соҳилидаги пасттекисликда жойлашган. Иқлими кескин континентал. Ёзи иссиқ, қиши совуқ. Июлнинг ўртача т-раси 26,9°, янв. ники —6,7°. Вегетация даври 188 кун. Туманнинг ғарбий қисмида, асосан, деҳқончилик қилинади, жан.-шарқида, яъни Қизилқумда чорвачилик ривожланган. Кегейли тумани шим. қисмида жойлашган Довудкўлдан сув омбори сифатида фойдаланилади. Туман ҳудудидан Қуванишжарма канали оқиб ўтади. Оқтўба, Бесқудуқ, Сассиқшийел, Қораой кўллари бор. Тупроғи ўтлоқ, ўтлоқи-ботқоқ ўзлаштирилмаган тупроқ. Довудкўл атрофи яхши пичанзор ва ўтлоқ. Экин экилмайдиган ерларда туранғил, қамиш, чий, буён, қўға, янтоқ, ажриқ, корабарок, юлғун, тол, жийда, майда жийда ва б. ўсади.
Ёввойи ҳайвонлардан қобон, чиябўри, тулки, бўрсиқ, қуён; қушлардан қирғовул, бирқозон, чағалай (чайка), ғоз, ўрдаклар учрайди. Кўлларда ойнабалиқ, зоғорабалиқ, чўртан, бакра, сўзан, лаққа, оқбалиқ, олабуға, оқ-амур, илонбалиқ, табанбалиқлар бор.
Аҳолисининг аксари қисми қорақалпоклар, шунингдек, ўзбек, қозоқ, татар, корейс, рус ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га 62 киши тўғри келади. Шаҳар аҳолиси 33,8 минг киши (2000).
Хўжалиги. Туман хўжалиги асосан, қ. х. га ихтисослашган. Қурилиш, транспорт, алоқа ва б. корхоналари бор. Ширкат хўжаликларида, асосан, пахта етиштирилади, ғаллачилик, боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик билан ҳам шуғулланилади. 154 га ер олмазор. 65 га ерга оқ тераклар ўтқазилган. Туманда 90 дан ортиқ кичик ва хусусий корхона, «Халқобод момиғи» пахта з-ди бор. 15,6 минг га ерга пахта, 1,7 минг га ерга беда, 2,5 минг га ерга кузги буғдой экилади. Шунингдек, пилла ҳам етиштирилади. Кегейли туманида деҳқон фермер, ширкат хўжаликлари, 2 агрофирма бор. Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида 18 мингга яқин қорамол, 18 минг бош қўй, 10 бош туя боқилади.
Тумандаги жами 38 ўрта, 4 тўлиқсиз ўрта ва 4 таянч мактабида қарийб 16 минг ўқувчи таълим олмоқда. Уларда 1900 га яқин ўқитувчи дарс беради. 2 касб-ҳунар ва 1 ўрта таълим лицейи, 3 ўрта билим юрти мавжуд. Шунингдек, 8 клуб, 33 кутубхона, маданият саройи, марказий касалхона, 2 қишлоқ касалхонаси, 33 фельдшер-акушерлик пункта, киш-лоқ врачлик амбулаториялари фаолият кўрсатмоқда. Бу муассасаларда 103 шифокор, 551 ўрта тиббий ходим ишламокда. 1952 й. дан «Кегейли турмуши» газ. нашр этилмоқда (адади 1468).