КАЗАКЛАР

КАЗАКЛАР (туркийча — довюрак, ботир, эркин одамлар) — рус ва б. халқлар таркибидаги этник гуруҳ. РФда умумий сони 5 млн. кишига яқин (20-а. охири). Диндорлари — православлар. Ҳоз. вақтда Дон ва Урал ҳавзалари, Волгабўйи ва Кубандан тортиб Забайкалье, Уссури, Иркутск, Енисей ва Еттисув атрофларигача бўлган улкан ҳудудда яшайдилар. 15-а. да темурий шаҳзодаларнинг қозоқлик қилиб юриши ва қозоқ халқининг номланишида Казаклар сўзининг луғавий маъносига нисбатан муайян даражада яқинлик бор.

Казаклар дастлаб ўрта асрларда Дашти Қипчоқда яшаган қипчоқлар таркибида эркин табақани ташкил қилганлар. Мўғуллар юришидан кейин уларнинг турмушида муайян ўзгаришлар юз берди. 15 — 17-а. ларда Рус подшоси мамлакат чегараларини ҳимоя қилишда улардан кенг фойдаланди. Шу пайтдан бошлаб Казаклар ўз туркий хусусиятларини йўқота бошлаб, славян халқлари билан аралашиб кетди. Кейинчалик Рус подшолари уларни усталик билан ўз туркий биродарларига қарши курашга йўллади. Дастлабки казак қўшинлари Запорожье Сечи, Терек, Ёйиқ ва б. жойларда ҳарбий жамоалар шаклида 16-а. нинг 1-ярмида вужудга келди.

Казаклар ҳарбий хизматга ўз кийим-кечаги, озиқ-овқати, қурол-яроғи ва от-улови б-н борган. Уларга ҳукумат томонидан маош тўланган, умрбод фойдаланиш учун чекка ҳудудлардан ер ажратилган. Кондратий Булавин ва Емельян Пугачёв бошчилигидаги қўзғолонларда Казаклар фаол қатнашган. 18-а. дан бошлаб то 1917 й. гача Казаклар Россия империясининг умумий қуролли кучлари таркибидаги ҳарбий табақа ҳисобланиб келган. 1750 й. Астрахон ва 1755 й. Оренбург казак қўшинлари тузилиб, улардан нўғайлар, қалмоқлар, қозоқлар ва бошқирдларга қарши курашда фойдаланилди. 1787 й. Новороссийскда Қора денгиз казак қўшинлари ташкил қилинди. Дунай ортини Россия босиб олгач, 1828 й. Азов казак қўшинлари ҳам тузилди. 19-а. да Сибирь ва б. минтақаларда ҳам кўплаб казак қўшинлари ташкил қилинди. 20-а. бошларида Россияда 11 та казак қўшинлари (Дон, Кубань, Терек, Астрахон, Урал, Оренбург, Еттисув, Сибирь, Забайкалье, Амур, Уссури) мавжуд эди. 1916 й. К. сони 4.434 минг киши бўлиб, улардан 480 минг киши ҳарбий хизматни ўтаган. Казаклар ихтиёрида 63 млн. десятина ер бўлган. Биринчи жаҳон урушига Казаклар 300 минг аскар жўнатган. Барча казак қўшинлари ҳамда вилоятлари ҳарбий ва маъмурий жиҳатдан казак қўшинлари бош бошқармасига бўйсунган. Ҳар бир қўшин бошида атаман турган.

К. Россия олиб борган урушларда, хусусан, Етти йиллик уруш (1756— 63), Франция-Россия уруши (1812), Қрим уруши (1853—56), Россия-Туркия уруши (1877—78) да муҳим роль ўйнаган. 19-а. охири ва 20-а. бошларида ҳарбий техниканинг тараққий этиши билан отлиқ казак қўшинининг урушдаги мавқеи бирмунча пасайиб қолди.

1917 й. фев. инқилобини Казаклар хайрихоҳлик б-н кутиб олишди. Окт. тўнтаришидан кейин Казаклар дастлаб большевиклар ва совет режимига қарши курашдилар. Дон, Кавказ, Оренбург, Уралда казак армиялари ташкил қилинди. Хусусан, К. Царицин (ҳоз. Волгоград), Урал, Оренбург, Шим. Кавказда фаол ҳаракат қилганлар. Совет Россияси раҳбарлари ВМ. Ленин ва Я. М. Свердлов буйруғи билан Казаклар аёвсиз қирғин қилинди. Лениннинг имзоси қўйилган битта телеграмма олингандан кейин Донда қўзғолон кўтарган ўн минглаб Казаклар отиб ташланди. Шунингдек, Казакларнинг катта қисми қизил армия сафида туриб ок, гвардиячиларга қарши курашган. С. М. Будённий ва О. И. Городовиков бошчилигидаги 1 ва 2-отлиқ армиянинг анча қисмини Казаклар ташкил қилган. 1920 й. совет режими томонидан Казаклар алоҳида ҳарбий табақа сифатида тугатилди.

1936 й. 20 апр. да Казаклардан ҳарбий хизматга олишнинг чекланганлиги бекор қилинди ва бир неча казак дивизиялари тузилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида генераллардан Л. М. Доватор, П. А. Белов ва б. раҳбарлигидаги казак қўшилмалари фашизмга қарши курашдилар. СССРнинг парчаланиши натижасида 20-а. охирларидан Казакларнинг маданий анъаналари ва урф-одатлари қайта тикланди, турли казак ташкилотлари тузилди.

Ад.: Мурад Аджи, Полынь половецкого поля, М., 1994.