КАЙХУСРАВ

КАЙХУСРАВ, Кави Хаосрава — 1) Эрон мифологиясида каёнийлар сулоласидан бўлган 3-шоҳ. «Шоҳнома»га кўра, онаси Заҳҳок қавмидан бўлган туронлик Фарангис. Отаси Сиёвуш. Афросиёб Турон баҳодири Пиронга Фарангисга кўз-қулоқ бўлиб туришини ва тугиладиган чақалоқни ўлдиришни буюради. Пирон тушида Сиёвушни кўради. Сиёвуш ўғлининг тахтга ўтиришини башорат қилади. Пирон Кайхусрав деб исм қўйилган чақалоқни чўпонларга топширади. Бола пахлавон бўлиб етишади, унинг Шабранги Беҳзод номли қора оти бўлган. Эронликлар Кайхусравни топиш учун кўп овора бўлишади, ниҳоят 7 йиллик изланишдан сўнг баҳодир Гев Кайхусравни онаси билан биргаликда бобоси Кайковус ҳузурига олиб келади. Кайхусрав 60 й. подшохлик қилади. Рустам билан биргаликда у отасининг ўчини олиш учун Афросиёбга қарши юриш қилади. Жангда Афросиёбнинг ўғли Шидни ўлдиради, сўнг Афросиёб ҳам ҳалок бўлади. Кайхусрав даврида мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатилади. К. Афросиёбнинг бошқа бир ўғли — Жахнни тутқунликдан халос этиб, унга Туронни топширади. Аммо Кайхусравнинг кўнгли ўзидан хотиржам эмас эди. Унинг томирларида фақат яхшиликка эътиқод қилганнинг қонигина эмас, ёвузликка эътиқод қўйганнинг ҳам қони оқишини биларди. У ўзидаги ёвузлик ибтидоси ундаги эзгуликни енгиб қўйишидан хавотирда эди. Кайхусрав тахтни қариндоши Луҳроспга топшириб, ўзи тоққа йўл олади ва тонгда ғойиб бўлади. Баҳодирлар бедарак кетган Кайхусравни излашга отланишади, кучли қор бўрони уларни кўмиб юборади ва кўпчилик баҳодирлар Кайхусрав каби абадий ғойиб бўлишади.

Авестода Кави Хаосрава Ардви Сурадан Франгхрасйон (Афросиёб)ни енгишда мадад сўрайди. Унга Ардви мадад беради. «Чунки, Ардви иймонлилар тилагини бажо келтирувчи зотдир»;

2) Ахоманийлар давлати асосчиси Кир II нинг халқ оғзаки ижоди, фольклорда учрайдиган афсонавий номи.

Мирсодиқ Исҳоқов.