КАЙСОНИЙЛАР

КАЙСОНИЙЛАР — 7-а. да шиалар орасидан ажралиб чиққан фирқа тарафдорлари. Шиаларнинг 3-имоми Ҳусайн 680 й. да Карбало яқинида қалок бўлгандан кейин, 4-имомни эътироф этишда улар орасида ихтилоф юз берган: уларнинг бир қисми Ҳусайннинг ўғли Али (Зайн ал-Обидин)ни имом деб таниса, бошқа гуруҳи Ҳусайн ўғилларининг жуда ёшлиги ва раҳнамоликка қобил эмаслигини сабаб қилиб кўрсатиб, Алининг Бану Ҳанифа қабиласидан ўлжа сифатида олинган канизагидан туғилган, жангларда иштирок этиб танилган ўғли Мухаммад (637—700)ни 4-имом деб эътироф қилган. Барча манбаларда онаси мансуб булган қабила номига нисбат берилиб у Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия деб аталади. Унинг тарафдори бўлган шиалар Мухтор ибн Абу Убайд раҳбарлигида 685 й. да Куфада исён кутариб, умавийларга зарба берган, Ҳусайнни ўлдирганларнинг кўпини жазолаган. Қўлга туширилган Куфа хазинасидаги пулларни исёнчиларга тақсимлаб берган. Бу исёнда Абу Амр Кайсон фаол иштирок этган (фирқанинг номи шундан). Кейинчалик ички ихтилофлар натижасида исёнчилар енгилиб, Мухтор ҳалок бўлган (687). Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия бевосита қўзғолонда иштирок этмаган. К. Алини пайғамбарнинг қизи Фотимага уйлангани учун эмас, узига хос имомлик хислати учун имом деб танийди, шу сабабли, имомлик пайгамбар авлодига ўтиши шарт эмас деб ҳисоблаб, Алининг икки ўғли (Ҳасан ва Ҳусайн) дан кейин имомлик канизакдан туғилган 3-ўғлига ўтиши керак, деган ғояга асосланган эди. Кайсонийлар фирқаси камайиб, кейинчалик (9-а. ўрталарида) тамоман йуқолиб кетган, шиаларнинг кўпчилиги томонидан Али 4-имом сифатида танилган.