КАЙРАЛАР

КАЙРАЛАР (Uria) — ржанкасимонлар туркумининг чистиклар кенжа туркумига мансуб қушлар уруғи. Узунтумшуқли ва калта тумшуқли Кайралар турини ўз ичига олади. Вазни 1,4 кг га яқин. Шим. ярим шарнинг мўътадил ва арктик денгизларида тарқалган. Бармоқлари парда билан туташган. Ерда яхши юра олмайди; тез учади; яхши сузади ва шўнғийди. Минглаб қушлар галалашиб денгиз қирғоғидаги қояларга ёки текис тошли оролларга уя қуради. Битта тухум қўйиб, 33—35 кун босади. 20—24 кунлик жўжалари қоялардан денгизга тушади. Асосан, майда балиқлар, шунингдек, қисқичбақалар ва денгиз умуртқасизлари б-н озиқанади. Тухуми қимматбаҳо озиқовқат ҳисобланади