КАЁНИЙЛАР

КАЁНИЙЛАР, кавилар — Ўрта Осиё ва Хурсонда мил. ав. 9—8-а. ларда юзага келган давлат уюшмаларида ҳукмронлик қилган қад. подшолик сулоласи. Авесто китобидаги анъана хронологик жиҳатдан мил. ав. 11 — 8-а. лар орасига мавҳум тарзда ишорат қилади. Каёнийлар сулоласига афсона сифатида ҳамда Ўрта Осиёда илк темир асрига оид тарихий ҳақиқат деб қарашлар мавжуд. Каёнийлар ҳақидаги хабарлар 2 хил талқинга эга:

1) зардуштийлик таълимотига асосланган диний талқин (Авесто китобидаги кавилар аввал таълимот душманлари, кейинроқ эса унинг ҳомийлари. Mac, Кави Виштасп);

2) эпик бадиий талқин. Бу йўналиш Каёнийлар ларнинг афсоналаш-тирилишига олиб келган («Хвадайнамак», «Шоҳнома»). Сулола ўз номини коҳинлар табақаси кави («шоиркоҳин») дан олган. Катта Каёнийлар сони манбаларда 3—8 тагача (Кави Кавад-Кайқубод, Кави Усан, Кави Хосрава-Кайхусрав) учрайди. Шунингдек, Апиваха, Аршан, Пишинах, Бияршан, Сияваршан-Сиёвушларни ҳам ўз ичига олади. Кичик Каёнийларга Аурватаспа (Луҳросп) ва Кави Виштаспа (баъзан унинг 2 укаси — Спентодата ва Зариварай) киритилган. Каёнийларнинг асосий машғулоти — Афросиёб бошчилигидаги уларга душман турон қабилалари билан урушиш бўлган. Жаҳонда зардуштийлик динининг тарқалиши кичик Каёнийлар даврида бўлган деб ҳисобланади. «Шоҳнома»га кўра, Каёнийлар — Эроннинг буюк шохлари, аммо уларнинг қудрати ва ҳарбий ютуқлари ашаддий маъжусий, сўнгра зардуштийлик душмани Рустамта боғлиқ бўлган. Каёнийларнинг ҳукмронлик қилган ерлари турлича кўрсатилади: Авестода афсонавий кўллар, дарёлар (Ворукаша, Дайтья, Чайчаста), афсонавий тоғлар (Эрзифья, Харити ва б.) атрофи, Ҳилманд дарё ҳавзаси ва Дранғианадаги Хамун кўли атрофида деб кўрсатилади. Мусулмон муаллифлар манбаларида баъзилари Балх (қадимда Бақтрия пойтахти) бошқалари (Маъсудий, Беруний) К. ни Янги Бобил подшолиги ҳукмдорлари (мил. ав. 7—6-а. лар) билан боғлайдилар. Бу каби маълумотлар Каёнийлар ҳақидаги ривоят ва ҳикоятлар афсонага айланиш даврларида чалкашликларга учраган, Авестода салбий маънода ҳам учрайди. Бу ҳолни зардуштийлик диний ислоҳотларидан олдинги даврлар билан боғлаш мумкин. Зардуштнинг Аҳурамазда ҳақидаги хушхабарини дастлаб Каёнийлар рад этишган. Шу таассурот излари Авестода салбий муносабат каби намоён бўлган. Авестонинг кейинги қатламларида эса ижобийлаша боради. Улар адолат, диёнат курашчиларига а«йлана борадилар».

Мирсодиқ Исҳоқов.