КАЙКОВУС ЧОРБОҒИ

КАЙКОВУС ЧОРБОҒИ — шайбонийлардан Суюнчхўжахон томонидан Тошкентда бунёд этилган чорбоғ (1525). Тошкент ҳокимларининг қароргоҳи ҳамда жангда ярадор бўлган ўзбек султонлари даволанадиган шифохона бўлган. «Абдулланома»ла келтирилган маълумотга кўра, 16-а. да Тошкентдаги Кайковус ариғи бўйида (шаҳар қўрғони ташқарисида) «Кайковус боғи» бўлганлиги ва боғда Тошкент султонлари яшаганлиги айтилади. Восифийнинг «Бадое ул-вақое» асарида келтирилган маълумотларга қараганда, Кайковус чорбоғида шоирлар, мусиқачилар ва б. ўз санъатларини намойиш этишган. Бу боғда дарахт ва гулларнинг турли-туман навлари, мевасиз, манзарали дарахтлар кўплаб экилган. Соясида ёзнинг иссиқ кунларида дам олишган. Ёғочидан қурилишларда фойдаланилган. Айниқса, Самарқанддан келтирилган кумушранг терак, қайрағоч ва б. дарахтлар машҳур бўлган.