КАЙКОВУС АРИҒИ

КАЙКОВУС АРИҒИ — Тошкент ш. да ги қад. канал, Бўзсувнинг ўнг тармоғи. 6—7-асрларда Бўзсув канали катталаштирилиб, ундан Кайковус ариғи чиқарилган ва Қорақамиш жарлигигача етказилган.

Муҳаммад Солиҳнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида Бўзсув ҳам Кайковус ариғи дейилган. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» («Шарафномаи шохий») асарида 16-а. да Кайковус ариғи бўйида (шаҳар қўрғони ташқарисида) «Кайковус боғи» бўлганлиги ва боғда Тошкент султонлари яшаганлиги айтилади. Ҳоз. Кайковус ариғи Шайхонтоҳур ГЭСнинг юқори бьефидан бошланади, уз. 28 км, сув ўтказиш имконияти 20 м3/с. Собир Рахимов ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан оқиб ўтади.