КАЙФИЯТ

КАЙФИЯТ — шахснинг фаолияти, хулқи, муомаласи ва руҳий жараёнларига маълум вақт давомида таъсир қилиб турувчи ҳиссий ҳолат. Инсоннинг ҳаёти ва фаолияти давомида шодонлик, ҳазилкашлик, зерикиш, қайғуриш каби ҳис-туйғулар унинг руҳий ҳолати тизимига айланади. Кайфият инсоннинг бутун фаолиятига кучли таъсир кўрсатади. Mac, киши хурсанд бўлиб турганида унинг кўзига ҳамма нарса яхши, акс ҳолатда эса ёмон бўлиб кўриниши мумкин. Яхши Кайфият индивид, гуруҳ, жамоада ишчанлик, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик, ҳамдардлик, илиқ руҳий муҳитни, самимий муомала маромини шакллантиришнинг, жисмоний ва ақлий меҳнат самарадорлигини оширишнинг ка-фолатидир. Ижтимоий ҳаётдаги турли воқеалар, яъни меҳнат муваффақияти, таълим ютуғи, раҳбар билан ходим, ўқитувчи билан талаба ўртасидаги муносабатлар, оиладаги шахслараро муомала мароми, турмушнинг қувонч ва ташвишлари, шахснинг қизиқиши, нимадандир қониқиш ёки қониқмаслик ҳисси Кайфиятнинг манбалари ҳисобланади. Одамнинг руҳи тушиб, нохуш Кайфиятда юриши — унинг турмушида муаммолар юзага келганидан, ҳаловати бузилганидан далолат беради. Объектив ва субъектив вазият, шароит, сабабий боғланиш Кайфият барқарорлигини белгилайди. Кайфиятнинг хусусиятлари кўп жиҳатдан шахснинг индивидуал-типологик фазилатларига боғлиқ. Инсон ўзини ўзи бошқариш имкониятидан келиб чиққан ҳолда Кайфият ини муваққат давр оралиғида қатъиятликда тутиши, ҳатто ҳолат ўзгаришига йўл қўймаслиги мумкин.

Эргаш Ғозиев.