КАЙДАЛОВ Владимир Елпидифорович

КАЙДАЛОВ Владимир Елпидифорович (1907.27.7, Барнаул — 1985.21.4, Тош-кент) — Ўзбекистон халқ рассоми (1957). 1932 й. дан Ўзбекистонда. Кайдалов асарлари миллий колорити, ҳаёт бўёқлар воситасида жозибали ифодалангани билан диққатга сазовор. Ижоди мавзу ва жанр жиҳатидан ранг-баранг. Дастлаб газ. ва жур. нашриётларида рассом бўлиб ишлаб графика усулларини ўрганди. Таниқли кишилар (Й. Охунбобоев, Ҳамза, С. Айний, Ғ. Ғулом, А. Ҳидоятов ва б., 1932— 40) портретларини яратди; 1940—47 й. ларда Навоий портретини яратиш устида ишлади. Линогравюра (Ойбек, 1974; О. Собирова, 1977), ксилография (А. Қаҳҳор, С. Бородин, 1980), мойбўёқ (Навоий, 1972 ва б.)да ижод қилиб портрет устаси сифатида танилди. Навоийнинг «Хамса»си (1948), кўпгина эртак ва достонлар («Ўзбек халқ эртаклари», «Алпомиш», «Қирқ қиз» ва б.) га ишлаган безаклари билан Ўзбекистонда китоб графикаси ривожига самарали таъсир кўрсатди. Кўп сонли дастгоҳ графикаси асарлари («Каттақўрғон сув омбори» литография туркумлари ва б.) ҳамда плакатлар яратган, картиналар устида ишлаган.