КАВШ ҚАЙТАРУВЧИЛАР

КАВШ ҚАЙТАРУВЧИЛАР, кавшовчилар (Ruminantia) — жуфт туёқли сут эмизувчилар кенжа туркуми. Кўпчилигининг ошқозони тўрт бўлим: катта қорин, тур қорин, қатқорин ва ширдондан иборат; баъзи бир Кавш қайтарувчиларда қат-қорин йўқ. Яхши чайналмаган озиқ катта қоринга, бу ерда майдаланиб, тўр қоринга ва сўнгра қайта чайнаш учун оғизга қайтарилади. Кавш қайтарувчиларда озиқ тишлар жағда чуқур ўрнашган, юқори жағида курак тишлар йўқ. Оёқларининг 3 – ва 4 – бармоқлари анча кучли ривожланган. Кавш қайтарувчилар 5 оила 76 уруғга мансуб 180 турни ўз ичига олади. Кавш қайтарувчиларнинг ёввойи турлари. Австралия, Мадагаскар ва Антил оролларидан ташқари, ҳамма ерда тарқалган. Ўрта Осиёда муфлон, алқор, сайғоқ, жайран, морхўр ва б. учрайди. Хўжаликда катта аҳамиятга эга; асосий чорва моллари сифатида гўшти ва сути учун боқилади; ёввойи турлари гўшти ва териси учун овланади.