КАВКАЗ УРУШЛАРИ

КАВКАЗ УРУШЛАРИ — Кавказни босиб олиш учун Россия империясининг олиб борган урушлари (18—19-а. лар). Пётр давридаёк, Россия Кавказни эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаган эди. Дастлаб Доғистоннинг денгиз соҳилидаги ҳудуди ва Шим. Озарбайжонни босиб олди (1722—23). Россия-Туркия уруши (1768—74) натижасида Кабарда узил-кесил Россияга ўтди. 1783 й. Россия Шарқий Грузияни эгаллади. 1802—06 й. ларда Ғарбий Грузия, Осетия ва Озарбайжоннинг қолган қисми, 1810 й. да Абхазия Россия томонидан босиб олинди.

Усмонли турк империяси ва Эрон билан Россиянинг манфаатлари Кавказда тўқнашганлиги бу ердаги кураш жараёнига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Кавказдаги халқлар Россия босқинига қарши миллий озодлик ҳаракатини авж олдирдилар. Бу ҳаракатга 1830 й. ларда Ғози Муҳаммад, Ҳамзат, 1834 й. дан имом Шомил бошчилик қилди. 1843 й. Шомил бир неча рус истеҳкомларини эгаллаб, Россия қўшинларига жиддий зарбалар берди. Русларнинг Кизляр ва Дарбанд ш. лари билан алоқалари узиб қўйилди, Темирхон Шўра (ҳоз. Буйнакск) ш. ни озод қилиш учун аёвсиз жанглар бўлди. Руслардан озод қилинган Доғистон ва Чеченистон ҳудудида Шомил ҳарбий линий давлат — имомат ташкил қилди (қ. Муридчилик). Тоғликларнинг Россияга карши олиб борган озодлик ҳаракатлари иқтисодий қийинчиликлар туфайли 1850-й. ларнинг охирига келиб заифлашди. Усмонли турк империясидан келаётган ёрдам ҳам тўхтади. 1859 й. Шомилнинг сўнгги таянч пункти — Гуниб овули қўлдан кетди. Кавказ урушлари 1864 й. руслар томонидан Ғарбий Кавказни босиб олиш билан тугалланди.