КАВКАЗ ТИЛЛАРИ

КАВКАЗ ТИЛЛАРИ (Иборий-кавказ тиллари) — Кавказдаги 50 га яқин тилларнинг мажмуи. Шартли равишда Кавказ тиллари деб аталади. Кавказ тиллари Шим. Кавказ, Туркияда ва кичик гуруҳлари Сурия, Эрон ва баъзи Яқин Шарқ мамлакатларида тарқалган. Кавказ тиллари 3 гуруҳга бўлинади: абхаз-адигей (Ғарбий Кавказ), картвель (Жан. Кавказ) ванах-доғистон (Шарқий Кавказ).

Кавказ тилларидан 12 таси (грузин, абхаз, абазин, адигей, кабардин-черкас, чечен, ингуш, авар, лак, даргин, лазгин, табасаран) ўз ёзувига эга. Улардан фақат грузин тили кўп асрлик адабий анъанага эга бўлиб, унинг қад. ёдгорликлари мил. ав. 5-а. га оид. Бошка Кавказ тиллари ёзуви 14 — 16-а. ларда яратилган. Абхаз-адигей тилларида ундош товушлар кўп. Отларнинг турланиши кам ривожланган, феълларнинг тусланишига бой. Картвель тиллари ундошларга бойлиги, феъл нисбатлари борлиги ва эргашган қўшма гапларнинг турлари ривожлангани билан ажралиб туради. Нах-доғистон тилларида хам ундош товушлари кўп, келишиклар анча ривожланган (баъзан 40 тага етади).

Кавказ тиллари ўртасидаги генетик алоқалар аниқ эмас. Баъзи олимлар уларни қариндош деб ҳисобласа, бошқалар буни инкор этади. Кавказ тиллари Испаниядаги баск тилига, шунингдек, қад. Яқин Шарқдаги баъзи хуррит-урарт тиллари билан қариндош бўлган, деган тахминлар бор. Айрим олимлар эса Кавказ тилларининг фонологик ва грамматик хусусиятларини ҳинд-европа тилларига қиёслаш асосида улар қад. бир оилага бирлашган, деган фикрни айтадилар.