КАВКАЗ ҚЎРИҚХОНАСИ

КАВКАЗ ҚЎРИҚХОНАСИ — Бош Кавказ тизмасининг ғарбий қисмида, РФ Краснодар ўлкасида. Майд. 263,4 минг га, шу жумладан, 170,9 минг га ўрмонлар, 1196 га сув ҳавзалари. 1924 й. да сув муҳофазаси ва йирик туёқли ҳайвонлар сонини тиклаш мақсадларида ташкил қилинган. 1978 й. дан биосфера қўриқхонаси. К. қ. нинг асосий майдони (263 минг га) баланд тоғли ҳудудларда жойлашган (энг юқори нуқгаси Цахвоа тоғида — 3345 м). Ўсимлик ва ҳайвонот олами Ўрта денгиз, Европа шимоли, Ўрта Осиё намуналаридан шаклланган. Кавказ қўриқхонаси флорасида дарахтлар ва буталарнинг 170 тури, сут эмизувчиларнинг 70 тури, қушларнинг 225 тури (152 тури ин қўйиб, жўжа очади) бор. Оқ қарағай, қора қайин, 900 м баландликкача дуб, граб, нок, олма, жўка ва б. ўсади. Тур, серна, кийик, буғу, чиябўри, бўрсиқ, ёввойи чўчқа, қўнғир айиқ, сувсар, кавказ қури ва б. яшайди.

Кавказ қўриқхонаси таркибига Қора денгиз бўйида, Сочи ш. яқинида учламчи давр ёдгорликлари бўлган Хоста тисе ва шамшод дарахтзорлари (306 га) ҳам киради.

Ад.: Хохлов А. М., Солодько А. С, Кавказский государственный биосферный заповедник, Краснодар, 1982.